Юртимизда ёш авлодни ватанпарварлик, фидойилик ва миллий ғурур руҳида тарбиялаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Айниқса, миллий армияга ҳурмат ва ишонч туйғуларини шакллантириш, ёшларни Ватан тақдирига дахлдорлик руҳида камол топтиришга қаратилган тадбирлар бу йўлда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Жиззах гарнизонидаги “н” ҳарбий қисм, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Жиззах ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида “Asia School” хусусий мактабида “Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳамда ватанпарварлик фестивали ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий армиямизга нисбатан ҳурмат ва ишончни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, раҳбарлар ва ёшлар ўртасида очиқ ҳамда самимий мулоқот муҳитини яратишдан иборат. Чунки бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, мамлакатимиз барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги аввало миллий армиямиз салоҳияти, ҳарбий хизматчиларнинг жасорати ва фидойилиги билан узвий боғлиқ.
“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви доирасида ҳарбий қисм ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, ҳарбий соҳа вакиллари ёшлар билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Бундай учрашувлар ёшларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларда юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришда муҳим ўрин тутади.
Ватанпарварлик фестивали доирасида ҳарбий оркестр жамоасининг она Ватанни улуғловчи, тинчлик ва фидойилик руҳини акс эттирувчи куй-қўшиқлари, фахрий қоровул ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги чиқишлари ёшлар онгида ҳарбий хизматнинг шарафли экани, Ватан ҳимояси муқаддас бурч экани ҳақида янада мустаҳкам тушунча ҳосил қилди.
[gallery-27024]
Тадбир якунида мактабнинг билимли ва фаол ёшларига ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди.
Ушбу тадбирларда 230 ортиқ ёшлар иштирок этишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари