Наманганда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносиб нишонланди. Вилоят марказидаги “Хотира хиёбони” давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари, вилоят фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳарбий хизматчилар, нуронийлар, байналмилал жангчи фахрийлар ва ёшлар жам бўлдилар.
Юриш намойишида Давлат хавфсизлик хизмати, чегара қўшинлари, мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, божхона, миллий гвардия бошқармалари ҳарбий хизматчилари саф тортди. Давлатимиз мадҳияси янгради.
Ҳарбий оркестр садолари остида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва муассасалар, маҳаллалар, фуқаролар томонидан гуллар қўйилди.
Вилоят мусиқали драма театрида ўтказилган тантанали байрам тадбирида Наманган вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори бошлиғи Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб жавоб қайтара оладиган жанговар куч сифатида шаклланганлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, халқимиз ўзининг ботир ва довюрак фарзандлари – Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан ҳақли равишда фахрланади.
[gallery-27131]
Кейинги йилларда Қуролли Кучларнинг бошқарув ва таъминот тизими такомиллаштирилиб, замонавий ахборот технологиялари асосида модернизация қилинмоқда, қўшинларимизнинг жанговар сафлари янгича таълим ва тарбия олган малакали офицер ва сержантлар билан тўлдирилмоқда.
Шахсий таркибнинг тайёргарлик даражаси, ҳарбий хизматчиларнинг касбий, интеллектуал ва маънавий салоҳияти изчил юксалтириб борилмоқда. Армиямиз замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан босқичма-босқич таъминланмоқда.
Ёшлар ўртасида ҳарбий хизматга қизиқишни ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқ билан армия ўртасидаги мустаҳкам бирлик ва жипсликни янада кучайтиришга қаратилган самарали ишларимиз қатъий давом эттирилмоқда.
Байрам тадбирида, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз ва давлат хавфсизлигини қўриқлаш, фуқароларни тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, жамоат тартибини сақлашдаги фидойилиги учун ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи Наманган вилояти ҳокимининг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
– Ҳозирги даврда Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун шарафли бурчга айланди. Бинобарин, армия сафларида хизмат қилиш йигит-қизлар учун чинакам ибрат мактабидир, – дейди Поп туманида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм сержанти Бекзод Абдураупов. – Болалигимдан ҳарбийликка қизиқишим ва амакимни мудофаа тизимида меҳнат қилганлари орзуларим рўъёби сари етаклади. Бундан ўн бир йил аввал, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидан Фарғона вилояти Марғилон шаҳрига келиб, йигитлик бурчимни адо этганман. Кейинчалик шартнома асосида ҳарбийлик фаолиятимни бошладим. Ҳарбийлик – садоқат, ҳушёрлик, фидойиликни тақозо қилади. Бу муҳим жиҳатларни ўзимда мужассам этишга астойдил интилмоқдаман. Бугун менга кўрсатилган эътибор ўз ишимга бўлган масъулиятни икки ҳисса оширади.
Тантанали тадбирда таниқли Наманган горнизони ҳарбий оркестри, вилоят санъат усталари ва ёш хонандалар ижросида Ватанимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлардан иборат концерт дастури намойиш этилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.