Бухоро вилояти Вобкент туманидаги 26-умумтаълим мактабида “Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши томонидан, вилоят ҳарбий прокуратураси, вилоят мудофаа ишлар бошқармаси, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Ватанпарвар” ташкилоти билан ҳамкорликда ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Мазкур тадбир ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий армияга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Ватанпарвар” ташкилотининг техник воситлари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирокида Ватанпарварлик карвони ўтказилди. Шундан сўнг “Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” мавзусида ўқувчи ёшлар, “Ватан таянчи” отряд аъзолари иштирокида маҳорат дарси ўтказилди.

Сўзга чиққанлар юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда миллий армиямизнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаб, ёшларни она юрт ҳимоячиси бўлишга муносиб авлод сифатида тарбиялаш муҳимлигини қайд этди.

Дастури давомида ҳарбийлар иштирокида кўргазмали қўл жанги чиқишлар ташкил этилди. Унда қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу эса ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўқувчиларнинг Ватанга бўлган муҳаббати, миллий армияга нисбатан фахр ва ифтихор туйғуларини янада ошириб, уларнинг келажакдаги эзгу мақсадларига мустаҳкам руҳий асос бўлиб хизмат қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.