French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!
09:58 / 2026-01-14

Тараққиётнинг энг асосий мезони бу шубҳасиз тинчликдир. Ватан тинчлиги, юрт омонлиги орқали халқ фаровон, мамлакат эса қудратли бўлади. Зеро, "Она юртинг омон бўлса, рангу рўйинг сомон бўлмас" деб бежиз айтмаган доно халқимиз. Тинчлигимиз посбонлари бўлмиш ҳарбийларга ҳар қанча эҳтиром кўрсатсак, кам.

Шунинг учун ҳам айни вақтда уларнинг шарафли ва машаққатли касб байрами мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Бу орқали уларни эъзозлаб, ёшларнинг онгига ватанпарварлик ғояларини сингдиришга эришилмоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий парад ва байрам тадбири ташкил этилди.

Ушбу тадбирни олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов ҳамда вазир ўринбосари Ўктам Саломовлар тантанали тарзда очиб берди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети, Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари ҳамда Тошкент шаҳридаги ОТМларнинг «Қалқон» гуруҳи аъзолари иштирокидаги ҳарбий парад Беруний метросидан бошланиб, университет кўчаси орқали Ўзбекистон Миллий университетигача давом этди.  

Шунингдек, ҳарбий парад ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмасига уланиб кетди. Курсантлар иштирокида қўл жанги ва қурол билан жанговар чиқишлар эса йиғилганларга олам-олам завқ улашиш билан бирга, Ватанга муҳаббат ҳамда фахр туйғусини оширди.

Бу каби байрам тадбирлари Ватан ҳимоячиларининг жасорати ва фидойилигини улуғлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва ҳарбий бурчга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шербек Исломов,

ЎзА