Навоий вилояти Учқудуқ тумани Маданият уйида Қуролли Кучлар ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
“Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, соҳа фахрийлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида сўзга чиққанлар Ватан ҳимоячилари ва соҳа ходимларини касб байрами билан самимий табриклаб, ҳарбий хизматчиларнинг мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлидаги фидокорона хизматларини алоҳида эътироф этди.
Таъкидланганидек, юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва мамлакат барқарорлиги ҳар қандай давлат тараққиётининг энг муҳим омилидир. Бу улуғ вазифани сидқидилдан адо этиб келаётган Ватан ҳимоячиларига бўлган ҳурмат ва эътибор юртимизда ҳамиша юксак баҳоланган. Шу боис ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни кенг кўламда нишонланади.

Тантанали маросим давомида тумандаги ҳарбий қисм командири, подполковник Собиржон Сидиқов томонидан Ватан ҳимояси йўлида мард ва садоқатли фарзандларни тарбиялаб вояга етказган кўплаб ота-оналарга ташаккурномалар топширилди. Бу эса ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги улкан масъулияти ва жамият олдидаги хизматларига бўлган юксак эътиборнинг ифодаси бўлди.
Шунингдек, байрам доирасида соҳада узоқ йиллар давомида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган фахрийлар ва тажрибали мутахассисларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Улар кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрам тадбири якунида тумандаги ҳарбий қисм ҳамда мудофаа ишлари бўлимига ҳокимликнинг ташаккурномалари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Мазкур тантанали тадбир Ватан ҳимоячиларига бўлган юксак ҳурмат ва эътибор, шунингдек, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, фидойилик ва жасорат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири