Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда юртимизнинг осойишталиги, тинчлиги ва халқ хавфсизлигини таъминлайдиган аскар ва зобитларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ота-оналарига ҳурмат ва эътироф билдириш мақсадида Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмда тадбир ўтказилди.
“Аскар оналарни шарафлаймиз” шиори остида ташкил этилган онлайн телемулоқотда Ватан ҳимояси йўлида хизмат бурчини адо этаётган мард ва жасур аскарлар, уларнинг ота-оналари ҳамда яқинлари иштирок этишди. Мазкур учрашув нафақат аскарларнинг маънавий барқарорлигини мустаҳкамлаш, балки ота-оналар билан яқин алоқаларни кучайтириш, хизмат ва оила қадриятлари ўртасидаги уйғунликни таъминлашга ҳам хизмат қилди.

Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигида хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчилар оилалари билан ишлаш бўйича мутахассис, Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгашининг ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Телемулоқот давомида хизматда юзага келаётган ҳар хил ҳолатлар, қийинчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди. Шунингдек, ота-оналарнинг фарзандларига бўлган ишончи, дуоси ва ёрдами аскарларнинг хизматга садоқатини мустаҳкамлайдиган муҳим омил экани алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида Ватан ҳимоячиларини вояга етказган, уларни жасорат ва садоқат руҳида тарбиялаган ота-оналарга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Бундай эътироф ва эътибор ҳар бир ота-онанинг меҳр ва фидокорлигини мустаҳкамлаш билан бирга, миллий армиянинг руҳий ва маънавий қувватини ҳам янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА