Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида мамлакатимизда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги, Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақирув резерви баталионида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Гулистон ҳарбий прокуратураси, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси, Сирдарё вилоят Фахрийлар кенгаши, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари ҳамда куч тузилмалари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Мирзаобод ва Гулистон туманларидан ташриф буюрган ўқувчи ёшлар, фаол ёшлар иштирок этдилар.

– Бугунги глобаллашув ва турли ахборот хуружлари даврида ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий армиямизга нисбатан ишонч ва ҳурматни шакллантириш ниҳоятда муҳим, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов. – Шу боисдан бугун ўтказилаётган “Очиқ эшиклар куни” тадбири ёшларимизнинг ҳарбий хизмат ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиради, уларда фахр ва масъулият туйғуларини уйғотади. Чунки Миллий армиямиз — тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг ишончли кафолатидир.

Тадбир давомида иштирокчи ёшлар ҳарбий хизматчиларнинг кундалик фаолияти, жанговар тайёргарлик машғулотлари билан танишиб, замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойишини кузатдилар. Шунингдек, улар ҳарбий хизматчилар билан очиқ мулоқот ўтказиб, хизмат жараёни, ҳарбий касбнинг масъулияти ва шарафи ҳақида бевосита маълумот олдилар.

Фахрийлар ва ҳарбий соҳа вакилларининг Ватан ҳимоясига бағишланган ҳаётий тажрибалари, ибратли фикрлари тадбир мазмунига янада чуқур маъно бағишлади. Бу эса ёш авлод онгида ватанпарварлик, садоқат ва фидойилик каби юксак туйғуларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири