ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий бўлинмалар иштирокида тантанали пиёда юриш маросими бўлиб ўтди.
Байрам тадбирида ҳарбий хизматчиларнинг сафдаги чиқишлари, уларнинг жипслиги ва юксак интизоми намойиш этилди. Ҳарбий оркестр ижросида янграган ватанпарварлик куй-қўшиқлари эса тадбирга алоҳида байрамона руҳ бағишлаб, томошабинларда фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.
Сўнг Фарғона давлат университети стадионида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Унда Қуролли Кучлар ихтиёридаги замонавий техникалар, махсус воситалар ҳамда мудофаа салоҳиятини акс эттирувчи жиҳозлар намойиш этилди. Кўргазма қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотиб, миллий армиямизнинг салоҳияти ва қудратини яққол намоён этди. Тадбир доирасида шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган саҳналаштирилган чиқишлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Ушбу чиқишларда ҳарбийларнинг жанговар тайёргарлиги, жисмоний маҳорати ва Ватанга садоқати ўз ифодасини топди.
[gallery-27112]
Мазкур байрам тадбири, айниқса, ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, миллий армиямизга бўлган ҳурмат ва ишончни янада ошириш, тинчлик ва барқарорлик неъматининг қадрини англашда муҳим аҳамият касб этди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА