Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий адабиётимиз жонкуяри 
20:09 / 2024-03-01

Адабиёт мунаққидлик билан барҳаёт. Устоз ижодкор, Ўзбекистон Қаҳрамони, моҳир адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов адабий танқидчилик ривожига улкан ҳисса қўшган инсон эди.

Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида устоз Озод Шарафиддинов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган адабий тадбир ўтказилди. 

Иштирокчилар Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли мунаққид Озод Шарафиддиновнинг мураккаб ва синовларга тўла ҳаёт йўли, миллий адабиётимиз равнақига қўшган ҳиссаси ҳақида батафсил сўзлади. 

–Отам ҳақиқатга садоқат туйғулари билан яшадилар, – деди адабиётшунос олимнинг фарзанди Алишер Шарафиддинов. – Адолатнинг қарор топиши, жадидлар ижодини ўрганиш унинг фаолиятида муҳим ўрин эгаллар эди. Меҳнатсеварлик, вақтнинг қадрига етиш Озод Шарафиддиновнинг асосий фазилатларидан эди. Уларнинг ишга, адабиётга муносабати катта маънавий жасорат сифатида эътироф этилди. Озод Шарафиддиновнинг ижодий мероси бугун халқимиз маънавиятининг юксаклишига хизмат қилмоқда. 

[gallery-16188]

– Президентимиз Адиблар хиёбонининг очилишига келганларида адабиётни халқнинг юраги, деб атадилар, – деди Минҳожиддин Ҳожиматов. – Шу юракда Озод Шарафиддиновнинг ҳам қанчалик туғёнли ўрни борлигини ҳис этаяпмиз. Устоз мустабид тузум даврида миллий адабиётимизнинг виждони, ҳимоячиси, балогардони сифатида фаолият олиб бордилар, деб бемалол айта оламиз. Озод аканинг тўғрилиги, ҳалоллиги, адабиётга садоқатини ўрганса арзийди. Ҳақиқат, тўғрисўзлик, ҳурфикрлик Озод аканинг эътиқоди даражасига айланган эди. 

– Озод Шарафиддинов ижтимоий ҳаётда ҳам фаол эдилар, – деди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа. – Улар “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти” каби босма нашрларда самарали меҳнат қилдилар. Озод аканинг шогирдлари – таниқли журналистлар, адиблар, шоирлар бугунги кунда мамлакатимиз маънавий ҳаётининг энг фаол иштирокчиларидир. Озод Шарафиддинов лавозимга, мансабга интилмадилар. Улар ўзлари учун энг оғир йўлни танладилар. Жуда камтарона ҳаёт кечирдилар. Бугун юртимизга Озод Шарафиддинов каби фидойилар етишмаётгани рост. Озод ака миллий адабиётимизнинг ҳақиқий жонкуяри эди. Мустабид тузум даврида Чўплон, Фитрат, Қодирийлар ҳақида гапириш, адабий тадқиқотлар олиб бориш катта жасорат эди. Университетимиз талабаларининг аксарият вақти мазкур хиёбонда, Озод Шарафиддинов ҳайкали пойида ўтади. 

Адабий тадбирда Озод Шарафиддинов номидаги махсус стипендия ўз эгаларига топширилди. Университет талабалари томонидан мунаққид ҳаётидан сўзловчи театрлаштирилган лавҳа намойиш этилди. Устоз ижодкор ҳайкали пойига гуллар қўйилди. 

Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА