Экологик хавфсизлик кишилик жамиятининг бугуни ва эртаси учун долзарблиги, жуда зарурлиги боис энг муҳим муаммолар жумласига киради.
ЖССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, тахминан 7 миллион инсоннинг бевақт ўлим ҳолатларига атмосфера ва хоналар ҳавоси ифлосланиши сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда ҳаво ифлосланиши гипертония ва овқатланиш билан боғлиқ касалликларни келиб чиқишида хавф омилларидан кейинги ўринда турадиган саломатлик учун энг аҳамиятли глобал хавф омили ҳисобланади.
ЧИҚИНДИ – КОНИ ЗАРАР...
Дунёнинг деярли барча мамлакатларида қаттиқ маиший чиқиндилар аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ошмоқда. Ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 800 дан ортиқ тури қайд этилган бўлиб, улар сонининг келгусида янада ортиши башорат қилинмоқда. Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати, қурилиш индустрияси объектлари чиқинди ҳосил қилувчи, атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбалар ҳисобланади.
Давлат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, маиший чиқиндилар билан ишлашда инвестицион жозибадорликни ошириш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағлари ҳисобига 300 та чиқинди ташиш махсус техникаси, 6 000 та чиқинди контейнерлари ва 13 та эгарли шатакчи автотранспорт воситаларини харид қилиш шартномалари имзоланди. Айни вақтда Тошкент шаҳри бўйича чиқиндилар учун мажбурий тўловлар ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими ҳамда электр энергияси учун ҳисоб-китобларни юритишнинг биллинг тизими ўзаро интеграция қилиш якунланиши натижасида абонентлар 400 мингтага ва тушум режаси 1,6 миллиард сўмга кўпайишига эришилди.
ДАРАХТЛАРНИ КEСИБ ЮБОРИШ ҲОЛАТЛАРИ БЎЙИЧА ЖАЗОЛАР КУЧАЙТИРИЛДИ, ЛEКИН...
Маълумотга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 3 триллион атрофида дарахт мавжуд. Бироқ ҳар бир дақиқада уларнинг 27 та футбол майдонига тенг қисми кесилмоқда. Экологияни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтиришда кўчатчилик жуда муҳим бўлишига қарамасдан, мамлакатимизда ҳам дарахтларни кесиш, яшил ҳудудларни камайтириш ҳолатлари кўплаб муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Қайд этиш керакки, Тошкентда ҳам сўнгги вақтларда дарахтларни кесиш жиддий муаммолар қаторида турибди.
Дарахтларни кесишга мораторий эълон қилинди. Ўтган 2021 йилда мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Аммо шунга қарамай, ўсимлик дунёсига бўлган тажовузкор ҳаракатлар давом этмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, дарахт ва буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдори оширилмоқда. Жумладан, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдорлар учун йигирма бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланмоқда.
ДАРАХТ ИЛДИЗИНИ БEТОНЛАШ УНИНГ ЎСИШИГА ТЎСИҚ БЎЛМАЙДИМИ?
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, дарахтлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида олинган хабарларнинг аксарияти бетонлаш билан боғлиқ. Аммо...
Дарахтлар атрофини зич қилиб бетонлаш ёки дарахт танасига яқин қилиб асфальт ётқизиш, бу суғориш, тупроқнинг нафас олиши ва дарахт ўсиши учун жой қолдирмайди. Аммо...
– Дарахтлар остини «брусчатка» қилиш унинг ўсишига тўсиқ бўлмайди, – дейди Биохилмахилликни асраш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Содиқов. – «Брусчатка», бу – «нафас оладиган» тош. Унинг ораси очиқ, сув шимади. Дарахтларнинг илдиз тизимига жудаям фойда келтиради. Хизмат сафари билан Жанубий Кореяга бориб келдик. Ундан ташқари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ҳам бу кенг жорий қилинган. Эътибор берсангиз, «брусчатка»ни орасидан майса ўсиб чиқади. Бунинг ҳеч қандай дарахтга зарарли жойи йўқ.
Қайд этилишича, 2022 йил 9 ой давомида ЯИДПХ (давлат хизматлар) орқали келиб тушган жами 5 минг 806 та мурожаатларда давлат ўрмон фондига кирмайдиган 358 минг 877 туп дарахт ва буталарни кесиш, кўчириб ўтказиш ҳамда буташ сўралган. Шундан 2 минг 321 та мурожаатда 52 мингдан зиёд дарахтни кесишга ва 2 минг 108 та мурожаатда 134 мингдан зиёд дарахтни кесишга рад жавоби берилган.
«ЯШИЛ МАКОН» УМУММИЛИЙ ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА КЎРИЛГАН ЗАРАР МИҚДОРИ ҚАНЧА?
Маълумки, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижоновнинг таъкидлашича, жорий йилда лойиҳа доирасида дарахт экиш режаси 101 % га бажарилган.
Аммо атроф-муҳит муҳофазаси борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар жараёнида айрим ҳудудларда мутасадди давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг эътиборсизлиги сабабли «яшил майдон»лар қаровсиз қолган. Бугунга келиб, лойиҳа доирасида экилган кўчатларнинг 5 миллионга яқини нобуд бўлган ёки нобуд бўлиш арафасида турибди. Кўрилган зарар миқдори 464 миллион сўмдан иборат.
Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, ўсимлик дунёси объектларига бўлган тажовузкор ҳаракатлар давом этмоқда. Табиатни асраш, муҳофаза қилиш фақат шу соҳа ходимларининг иши эмас, балки барчанинг бурчидир. Чунки, биз яшаётган ҳудуд мусаффолиги, экологик мувозанатни сақлаш барчамизнинг бурчимиз.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА