English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллатнинг қудрати унинг тилида, давлатнинг шон-шуҳрати эса унинг сўзидадир
11:38 / 2025-10-15

1989 йил 21 октябрь халқимиз тақдирида тил, маънавият ва давлатчилик тараққиётида янги саҳифа очган, миллий ғурур ҳамда ўзлик туйғусини қайта тирилтирган улуғ сана сифатида тарихга кирган кундир.

Бу кунда қабул қилинган “Ўзбек тили тўғрисида”ги қонун халқ онгида асрлар давомида сақланиб келган орзу – она тилини давлат даражасида ардоқлаш ғоясини амалга оширди.

Зеро, тил – миллатнинг юраги, унинг тарихий хотираси, халқ руҳининг жонли таржимонидир. У миллатни миллат қилади, авлодларни бир-бирига боғлайди, давлатнинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлайди. Шу маънода, давлат тили мақомининг берилиши нафақат ҳуқуқий қарор, балки бутун халқнинг қалбига ифтихор бағишлаган маънавий истиқлол байрами бўлди.

Ўша кундан бошлаб ўзбек тили фақат мулоқот воситаси эмас, балки миллий ўзликнинг ифодаси, давлатчилик рамзи ва маънавий мустақиллик белгиси сифатида юксак мақом касб этди. Тил орқали халқ ўз қадрини англай бошлади.

Она тили – миллат қўрғони, давлатнинг руҳи ва юраги. Шунинг учун ҳам бу қонун халқимиз учун фақат сиёсий воқеа эмас, балки маънавий тикланиш, маданий уйғониш ва миллий ўзлигимизнинг янги даврини бошлаб берган тарихий бурилиш нуқтаси бўлди.

Қонуннинг 1-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили – ўзбек тилидир”, – дея қатъий таъкидланади. Бу шунчаки ҳуқуқий меъёр эмас – у миллат қалбидаги юксак ифтихор, давлатчилик шон-шарафининг тимсоли ҳамда абадий руҳ рамзидир. Бу модда орқали халқ ўзлигини тан олди, давлат эса ўз маънавий устунини мустаҳкамлади. Шу боис, тилшунос олимлар ва зиёлилар бу тарихий ҳужжатни халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғлаб турувчи маънавий кўприк, миллат тақдири ҳамда руҳиятини бирлаштирувчи қудратли восита сифатида баҳолади.

Зеро, тил бор жойда миллат тирик, миллат тирик жойда эса давлат абадийдир. Она тилининг нафаси – бу Ватаннинг нафаси, унинг ҳар бир сўзи – элнинг қалб заррасидир. Давлат тили ҳақидаги қонун эса ана шу муқаддас зарраларни бир бутун маънавий коинотга айлантирган эзгу ҳужжатдир.

Ортидан ўтган қарийб ярим аср мобайнида кўп нарса ўзгарди. Давлат тили мақомининг берилиши натижасида таълим, матбуот ва маданият соҳаларида ўзбек сўзи янгради, ўзлик овози жаранглади. Она тили энди фақат дарсликларда эмас, балки халқ ҳаётининг ҳар бир жабҳасида ўз ўрнини топа бошлади.

Аммо афсуски, бугун “давлат тили” деган муқаддас сўзнинг руҳи ҳали ҳам жамият ҳаётининг барча қатламларига тўла сингиб кетди, деб бўлмайди. Бир олима ўлароқ, шу тупроқ ва шу заминнинг фарзанди сифатида она тилимизга бўлаётган баъзи бир эътиборсизликлар юрагимни оғритади. 

Маълумки, баъзи идораларда ҳали-ҳануз ҳужжатлар хорижий тилларда юритилади, айрим реклама ва ёзувларда эса орфографик хатолар, услубий камчиликлар кўзга ташланади. Бу эса қонун матнда эмас, амалда кучли назорат ҳамда эътибор зарурлигини яна бир бор кўрсатади. 

Айниқса, илм-фан ва техника оламида ўзбек тилининг нафаси торайиб қолаётгани сезилади. Терминологияда ягона тизим йўқлиги, бир атаманинг турлича таржима қилиниши ёки айрим соҳаларда ўзбекча манбалар етишмаслиги – бу тил тараққиётига тўсиқ, тафаккур кенглигига ғов бўлмоқда. Илмий изланишлар, техник ҳужжатлар, электрон базалар – буларнинг барчасида она тилимизнинг ўрни ҳали тўлиқ мустаҳкам эмас.

Рақамли давр эшикларини кенг очган бугунги кунда ҳам, афсуски, ўзбек тили глобал технологиялар майдонида ўз салоҳиятини тўла намоён эта олмаяпти. Google, Translate, Microsoft, ChatGPT ва бошқа сунъий интеллект платформаларида ўзбек тили ҳануз тўлиқ интеграция қилинмаган. Сабаби эса миллий тил корпуси ва электрон луғат базаларининг етарлича ривожланмагани, рақамли лингвистика инфратузилмасининг сустлиги сабабдир.

Она тили – бу фақат алоқа воситаси эмас, балки миллат тафаккурининг, илм-фаннинг ва келажак тафсирининг калити. Шунинг учун уни рақамли оламга олиб кириш – бу эндиликда фақат тилшуносларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир.

Бугун тил маданиятининг ҳолати, айниқса, ижтимоий тармоқлар ва шоу-бизнес майдонида яққол кўзга ташланмоқда. Сўзнинг муқаддаслиги гўё эътиборсизлик чангида қолаётгандек. Ҳар бир орфографик хато, сўзнинг нотабиий талаффузи, услубдаги бепарволик ёшлар нутқига сингиб, уларнинг тафаккурига ҳам секин-аста ўз таъсирини ўтказмоқда.

Бу жараён фақат тилга эмас, балки маданиятнинг ўзига, миллий эстетик дидимизга ҳам соясини ташламоқда. Ахир, сўз – бу миллатнинг либоси, нутқ эса унинг руҳидир. Агар сўзга бепарво бўлсак, руҳимизга ҳам бефарқ бўлиб қоламиз. Шу боис, таълим тизимида “Тил маданияти ва услубият” фанини мажбурий қилиш – замон талаби, маданиятни асрашнинг энг тўғри йўлидир. Мактаб ва олий таълим даргоҳларида она тилининг нозик жиҳатларини чуқур ўргатиш, нутқ маданиятини юксалтириш орқали биз келажак авлод тафаккурига маънавий зиё бағишлаймиз.

Оммавий ахборот воситаларида саводхонликка бағишланган кўрсатувлар тайёрлаш, ёшлар орасида диктант, эссе ва нутқ танловларини мунтазам ўтказиш – бу шунчаки тадбир эмас, балки миллий ўзлигимизни, тилнинг поклигини сақлаш йўлидаги маънавий сафардир. Зеро, тилга эътибор – миллатга эҳтиром, сўзга меҳр – келажакка садоқатдир.

Замонавий технологиялар – бу замоннинг янги сўз майдони, тафаккур ва мулоқотнинг рақамли саҳнасидир. Эндиликда тил фақат китоб саҳифаларида эмас, балки кодлар, алгоритмлар ва сунъий интеллектнинг мантиқий тизимларида ҳам яшайди. Агар ўзбек тили бу рақамли оламда ўз ўрнини топмаса, у глобал мулоқотнинг чеккасида қолиш хавфи туғилади. Чунки бугунги дунёда тил фақат алоқа воситаси эмас, балки интеллектуал рақобат қуролидир.

Шу боис ўзбек тилининг миллий корпусини яратиш, уни сунъий интеллект, автоматик таржима ва овозли тизимларга интеграция қилиш, мобил иловалар ҳамда замонавий онлайн луғатлар ишлаб чиқиш – бу нафақат лингвистик масала, балки миллий мафкура ва рақамли мустақиллик масаласидир. Тилнинг рақамли ҳаётга кириб бориши, бу халқнинг фикри, руҳи ва маданиятининг глобал саҳнада янги овоз билан жаранглашидир. Ўзбек сўзи алгоритмлар тилида янграган кун, бизнинг миллий ғуруримиз ҳам янги босқичга кўтарилади.

Сўнгги йилларда Турк дунёсидаги ҳамкорлик янги мазмун, янги руҳ ва янги босқич касб этмоқда. Туркия, Қозоғистон ва Озарбайжон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лингвистик дастурлар, илмий лойиҳалар ҳамда маданий алмашинувлар бу нафақат тилни ривожлантириш, балки умумий тарих ва руҳий илдизларни мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлардир.

Таъкидлаш жоизки, тилни фақат тарихий ёдгорлик сифатида эмас, тараққиётнинг кучи сифатида кўриш замон талаби. Шу боис, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил октябрь ойида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида илгари сурган ташаббуслари ҳам аслида она тилимиз ва миллий ўзлигимизни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган эди.

Ушбу саммитда илгари сурилган “Туркий саноат алянси”, “Яшил йўлаклар” (“Green Corridors”), “Туркий илм ва инновациялар кунлари” каби ташаббуслар нафақат иқтисодий ҳамкорлик, балки туркий халқлар ўртасидаги маънавий ва тил бирлигини мустаҳкамлаш йўлидаги амалий қадамдир. Чунки тил – бу ҳам маданият, ҳам тараққиёт воситаси.

Масалан, бугун “Turkic Universities Union” доирасида ўзбек тили, адабиёти ва таржима йўналишлари бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Ўзбек тили нафақат Марказий Осиё, балки бутун туркий дунё илм-фанида ўз ўрнига эга бўлиш сари одимламоқда. Шу маънода, “Тил – миллат кўзгуси, миллат – тил руҳи”, деган сўзлар бугунги кунда ўзининг чин маъносини топмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий саммитда: “Бизнинг бирдамлигимиз – тарихий илдизларимиз, маданиятимиз ва тилларимизнинг муштараклигидадир. Шу асосда янги тараққиёт даврига қадам қўйяпмиз”, – дея айтган сўзлари бежиз эмас эди, аслида. 

Бу сўзлар фақат сиёсий баёнот эмас, балки бутун туркий оламни бирлаштирувчи маънавий чақириқдир. Бу шуни англатадики, тил – бу халқнинг юраги, маданиятлар ўртасидаги кўприк, тарих билан келажакни боғловчи руҳий ипдир. Ўзбек тили бугун нафақат миллий фахр, балки туркий уйғунликнинг рамзи, халқаро майдондаги маънавий дипломатия воситаси сифатида ўз мавқеини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 10 мингдан зиёд умумтаълим мактабларининг аксариятида таълим жараёнлари ўзбек тилида олиб борилмоқда. 150 дан ортиқ олий таълим муассасаларида эса дарс машғулотлари давлат тилида ташкил этилаётгани – миллий тилнинг таълим соҳасидаги барқарор мавқеини яққол кўрсатади. 

Аммо бу ютуқлар билан чекланиб бўлмайди. Чунки тил – бу тирик организм, у ривожланмаса, тўхтайди, тўхтаса, сўнади. Шу боис, илм-фан соҳасида замонавий ўзбекча терминология базасини яратиш, рақамли технологиялар тизимига тўлиқ интеграция қилиш, давлат идораларида ҳужжат юритишни бутунлай ўзбек тилига ўтказиш бугунги куннинг энг долзарб ва масъулиятли вазифаларидан биридир.

Тил – бу миллатнинг юраги, руҳи ва виждонидир. У халқнинг тарихини, ор-номусини, орзусини ўзида мужассам этган тирик қудратдир. Тилнинг нуфузи – давлатнинг барқарорлиги, халқнинг тафаккури ҳамда маънавий салоҳиятининг энг юксак мезонидир. “Давлат тили тўғрисида”ги қонун эса шунчаки ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки ҳар бир фуқаронинг қалбида яшаши, унинг нутқида, тафаккурида, хатти-ҳаракатида акс этиши керак бўлган миллий виждон декларациясидир. Чунки қонун фақат қоғозда эмас, ҳаётнинг ўзида, ҳар бир идоранинг иш юритишида, ҳар бир ўқувчининг сўз бойлигида, ҳар бир ёшнинг фикрлаш маданиятида яшаса, у ҳақиқий кучга айланади.

Миллатнинг қудрати унинг тилида, давлатнинг шон-шуҳрати эса унинг сўзида намоён бўлади. Зеро, тилини севган халқ ҳеч қачон йўқолмайди, ўз сўзини асраган миллат эса ўзлигини асраган миллатдир.

Гулсанам Норова,

филология фанлари доктори, доцент, ЎзА