Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Республикасси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишланган “Конституция – миллатлараро тотувлик кафолати” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Олий Мажлис қонунчилик палатаси, Республика Маънавит ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон хуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда миллий маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятлари фаоллари иштирок этдилар.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов Бош қомусимизнинг бугунги Ўзбекистон давлатчилигининг ривожланишидаги ўрни ва аҳамияти хусусида сўзлади. Дунёда турли қонунлар кўп, лекин, жамият ҳаётида доимо муҳим ўрин тутадиган шундай устивор ҳужжатлар борки, у халқнинг, келажак авлоднинг тақдирини белгилаб берувчи пойдевор бўлади. Давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитади. Конституция – мана шундай буюк қомусдир.
Мустақиллик юртимизда истиқомат қилиб келаётган барча халқлар вакиллари, миллат ва элатлар учун, аввало, ўзлигини англаш, инсоний қадр-қиммат, урф-одат ва қадриятларини тиклаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби беқиёс имкониятларни очиб берди.
Булар Конституциямизда мустаҳкамланган фуқароларнинг ирқи, миллати, тили, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, барчанинг қонун олдида тенглиги принциплари ҳамда турли миллатлар ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни ривожлантириш учун зарур шароитларни яратишга асосланади.
Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, жамият ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Мустақиллик йилларида миллий маданий марказларнинг 130 дан ортиқ фаоли давлат мукофотларига сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди.
– Давлатга, халқига бўлган муҳаббат шу Конституцияга бўлган муносабатдан келиб чиқади, – деди Республика озарбайжон миллий маданият маркази раҳбари Фирдоуси Гусейнов. – Бугунги кунда вилоятларимизда ҳам филиалларимиз фаолият олиб бормоқда. Конституциямизда барча миллат ва элатларга тенг ҳуқуқлар берилган ва буни ҳаммамиз юракдан ҳис этамиз. Бу байрамни ҳар йили озарбайжон миллатига мансуб мамлакатимиз фуқаролари кўтаринки кайфият билан нишонлашади.
Анжуманда украин, қозоқ, корейс миллий маданий марказлари раислари ва бошқалар жамиятимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон Конституциясида белгиланган тамойилларнинг аҳамияти ва унинг турли миллат вакиллари ҳаётидаги ўрни хусусида сўзладилар.
Тадбир якунида ўзбек, корейс, уйғур, қозоқ тилларида қўшиқлар ижро этилди, шеърлар ўқилди.