Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан матбуот анжумани ташкил этилди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов мамлакатимизда турли миллат ва элат вакилларининг аҳил ва иноқликда яшаб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётганларини таъкидлади. Мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнларини кенг оммага ва жаҳонга етказишда, миллатлараро тотувликни, ижтимоий барқарорликни сақлаш борасидаги ибратли ишларни фаол ва таҳлилий тарзда ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмалари республика кенгаши раиси Шуҳрат Деҳқонов касаба уюшмалари тизими билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга оид тадбирларни доим қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Анжуманда сўзга чиққанлар оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини, босма нашрлар, теле-радиоканалларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, матбуотда фикрлар, қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини қайд этди.
Маълумки, мамлакатимизда миллий сиёсатни бевосита ҳаётга татбиқ этаётган ташкилотлардан бири Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси саналади.
Қўмита юртимиздаги 153 та миллий маданий марказ, 36 дўстлик жамияти фаолиятини мувофиқлаштириб, Ўзбекистондаги барча миллат ва элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ва урф-одатларини асраш, ҳар томонлама ривожлантириш каби масалаларга фаол ҳисса қўшиб келмоқда.
[gallery-12515]
Қўмита мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жорий йилнинг биринчи чорагида 678 та тадбир ўтказди. Конференция, давра суҳбатлари, семинарлар, форум ва фестиваллар, танлов ва кўргазмалар, қизиқарли маданий-маърифий тадбирлар, концертлар шулар жумласидан. Қўмита фаолиятини кенг жамоатчиликка етказишда мазкур тузилманинг матбуот хизмати, шунингдек, барча турдаги оммавий ахборот воситаларининг хизматлари каттадир.
Матбуот анжумани доирасида фаол журналистлар тақдирланди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА