Сирдарё вилоятида бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги “Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз” миллатлараро дўстлик фестивали давомида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида бир қатор тадбирлар ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, барча вилоятлар ва сирдарёлик ёшлар вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигида Гулистон шаҳрининг марказий Ўзбекистон кўчаси бўйлаб то марказий ўйингоҳгача юриш марафонида иштирок этди. Спорт-соғломлаштириш машқлари бажарилди.
Бугунги Гулистон ҳар қачонгида-да гўзалроқ қиёфа кашф этган, том маънода гулга, чаманга бурканган. Бу гўзалликни фақатгина жуда катта меҳнат сарфлаб кўкартирилган гуллардагина эмас, балки турли миллат вакилларининг ранг-баранг миллий либосларида ва энг асосийси, ягона халқ бўлиб бирлашганида ёрқинроқ кўриш мумкин.
“Марказий майдон”да, “Юрт байроғи”, Алишер Навоий номли хиёбонларда, “Билимдонлар маскани”да халқлар дўстлиги фестивали жўшқинлик билан давом этмоқда.
Театрлашган томошалар, ёш лидерлар мактаби ва концерт дастурлари, ҳарбийларнинг, спортчиларнинг чиқишлари бўлиб ўтмоқда.
Шаҳардаги И.Каримов кўчасида вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, ушбу лойиҳада таълим муассасаларининг битирувчилари, “Ёшлар дафтари”га киритилган жами 550 нафар ишсиз йигит-қиз иштирок этди.
“Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан субсидия асосида 220 нафар ишсиз ёшга иш қуроллари ва асбоб-ускуналар, сертификатлар топширилди.
Вилоятдаги тижорат банклари эса ўз хизматлари ҳақида маълумот берувчи тарғибот воситалари ва банк қабулхонасини ташкил этди.
Бадиий Академиянинг Сирдарё вилояти бўлими, вилоят маданият бошқармаси томонидан “Юрт байроғи” майдонида болалар санъатга ихтисослаштирилган мактаб интернатида таҳсил олаётган 100 нафар ўқувчининг “Иқтидорли ёшларнинг тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси” уюштирилди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси, ахборот кутубхона маркази, ахборот ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш бошқармаси томонидан шаҳардаги Алишер Навоий номли хиёбонда ва “Билимдонлар маскани”даги айвонларда ташкил этилган “Жаҳон ва ўзбек адабиётлари дурдоналари кутубхонаси” жавонидан ўрин олган китоблар кўргазмаси фестиваль иштирокчиларига манзур бўлди.
Бу ерда ташкил этилган “Энг зукко китобхон”, “Билимдон ёшлар”, “Ёш тарихчи” каби викториналар кўпчиликнинг эътиборини тортиб, унда 3 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Китоблар кўргазмаси ва қизиқарли викторина ўйинларига ҳамоҳанг тарзда “Билимдонлар маскани”да ёш ижодкорлар ўртасида ўтказилган “Мушоира” жамоавий танлови жўшқин ва кўтаринки руҳда ўтди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ташкил этилган мушоирада Ҳ.Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари жамоасининг иштироки фестивал меҳмонларининг алоҳида эътирофига сазовор бўлди.
Алишер Навоий ва Ислом Каримов кўчалари кесишмасида вилоят туризм ва спорт бошқармаси лойиҳаси асосида ўтказилган миллий халқ ўйинларида 3 мингга яқин ҳаваскор спортчи ёш иштирок этган бўлса, спортсевар сирдарёлик ёшларга спорт усталарининг ўтган маҳорат дарслари ажойиб сабоқ бўлди.
Вилоят мудофаа ишлари, Миллий гвардия бўйича вилоят бошқармалари ҳамда ҳудуддаги ҳарбий қисм офицер, сержант ва аскарларининг кўргазмали чиқишлари ва улар томонидан ёшлар учун ташкил этилган “Мен ҳам аскар бўламан” лойиҳаси иштирокчиларда улкан таассурот қолдирди.
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан ҳаваскор ёшлар жамоалари ўртасида “Заковат” интеллектуал лойиҳаси ташкил этилиб, унда 80 нафарга яқин заковатли ёшлар ўз билимини синовдан ўтказди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вилоят бошқармаси, “IT PARK” Сирдарё вилояти филиали томонидан вилоятдаги иқтидорли ёшлар иштирокида робототехника кўргазмаси бўлиб ўтди.
“Келажак лидерлари” шиори остида очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди.
Ахборот технологиялари, дастурлаш ва инглиз тиллари бўйича кенг қамровли ўқув дастури орқали юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида “Тўмарис” лойиҳаси ташкил этилиб, ушбу лойиҳада “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган юз нафар сирдарёлик йигит-қизлар иштирок этди.
Фестиваль иштирокчилари Ховос тепалиги ёдгорлик мажмуаси ва зиёратгоҳига, туман янги марказидаги ўлкашунослик музейига саёҳат уюштирилди.
“Маънавият суҳбатлари” кўп миллатли халқимизнинг тили, дини, урф-одати, тинчлик, тотувлик, дўстлик, Ватан юксалишига ҳисса қўшиш мавзуларида бўлди.
Сирдарё туманидаги “Пейн Шинг” қўшма корхонасига ҳамда шу ердаги Ўзбекистон – Хитой дўстлик боғига уюштирилган саёҳат фестиваль иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Сирдарё вилоятида икки кундан буён ўтаётган “Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги “Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз” миллатлараро дўстлик фестивалида концерт намойиш этилди.
А.Қаюмов, ЎзА