Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида “Биз – бир оила фарзандларимиз” мавзусида миллатлараро тотувлик ва дўстлик фестивали бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Татлимурат Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси раиси Турсинбай Абдижаббаров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Бегдулла Султанов, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Мақсет Матеков иштирок этишиб, бугунги глобаллашув даврида миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик муносабатлари жамиятимиз ва давлатимизнинг ҳар томонлама ривожланишида муҳим аҳамиятга эга йўналишлардан бири эканлигини таъкидлашди.
Фестивалда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори вазифасини вақтинча бажарувчиси Қаржаубай Реймов сўзга чиқиб, бундай байрамлар ёшларимиз ўртасида дўстлик, ҳурмат ва маданий хилма-хилликни янада мустаҳкамлаш, талабалар ўртасида ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни тарғиб қилиш ҳамда ҳар бир миллат вакилига ҳурмат билан муносабатда бўлиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Тадбир институтнинг моҳир чевар, ҳунарманд ва спортчи ёшларининг кўргазмаси билан бошланган бўлса, “Тўмарис” халқ ансамбли ва иқтидорли талаба-ёшлар ижросидаги концерт дастури байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди. Миллатлараро тотувлик ва дўстлик байрами иштирокчилари ва ёшлар турли миллат вакилларининг жўшқин қўшиқлари, рақсларини биргаликда ижро этишиб, фестивалнинг юқори савияда ўтишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди.
[gallery-23424]
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда Нукус давлат педагогика институтида 17 минг нафарга яқин талаба бўлиб, улар қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, рус, украин, корейс, қирғиз, тожик, озарбайжон, бошқирд, уйғур ва татар каби 11 миллатга мансубдир. Айни пайтда бу ёшлар худди бир оиланинг фарзандларидек ҳамжиҳатликда таҳсил олишмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари