Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ўзбек халқининг юксак қадриятидир
14:42 / 2022-10-10

Миллатлараро тотувлик – миллатлараро аҳиллик, халқаро дўстликдир. Миллатлараро тотувлик миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларидан саналиб, муайян ҳудуд, давлатда турли миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда, биргаликда, ҳеч қандай низоларсиз ҳамкорликда фаолият юритишини ифодаловчи тушунчадир. Миллатлараро тотувликни бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга  мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асоси деб аташ мумкин. Миллатлар ўртасидаги муштарак эзгу мақсадларни назардан қолдирмаслик азалий қадриятлар тараққиёти асосини ташкил қилади. 

Мамлакатимиз ҳудудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Улар ўртасида асрлар давомида миллий низолар бўлмаган. Халқимиз азалдан бағрикенглик, меҳмондўстлик, кечиримлилик, бошқаларнинг урф-одат ва қадриятларини  эъзозлаш каби умуминсоний фазилатларини кўрсатиб келган. Миллатлараро тотувлик умумбашарий қадрият бўлиб, турли халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётини белгилайди, тинчлик ҳамда барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. 

   Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва бағрикенглиги, айниқса, уруш йилларида намоён бўлди. Шу даврда Ўзбекистонга 1 миллиондан ортиқ киши, жумладан, 200 минг бола эвакуация қилинди. Турли миллатга мансуб етим болаларни ўзбек халқи ўз фарзандидай ардоқлаб, уларни вояга етказди. Масалан, тошкентлик Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг аёли Баҳри Акрамова турли миллатнинг қаровсиз ва етим қолган болаларини фарзандликка олиб, таълим-тарбия берган. Улар бошпанасиз қолган, турли миллат вакиллари бўлган 13 бола ва урушдан сўнг яна 3 болани ўз тарбияларига олишган. Булар: Ҳабиба, Вова, Шуҳрат – рус, Ҳамидулла – украин, Рафиқ, Раҳматулла – татар, Ҳолида – молдаван, Самуғ – чуваш, Йўлдош, Эргаш – яҳудий, Ҳалима – қозоқ, Қоравой, Неъмат, Муаззам, Ҳакима, Улуғбек – ўзбек. Шомаҳмудовлар оиласи инсонпарварликни улуғловчи оила сифатида катта жасорат, қаҳрамонлик кўрсатди. Ўзбекистон каби кўп миллатли мамлакатда турли миллатлар манфаатларни уйғунлаштириш, улар орасида тотувликни таъминлаш тараққиётнинг ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Зеро, миллатнинг истиқболи бошқа халқлар ва мамлакатларнинг тараққиёти, бутун жаҳондаги вазият ва имкониятлар билан ҳам боғлиқдир. Бутун дунёда, биринчи навбатда, қўшни мамлакатларда ёнма-ён яшаётган халқлар ўртасида тинчлик, осойишталик, барқарорлик, ҳамжиҳатлик, тенг ҳуқуқли муносабат бўлмаса, улардан ҳеч бири ўзининг порлоқ истиқболини таъминлай олмайди. 

     Ҳозирги вақтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия, 2200 дан ортиқ диний ташкилотларнинг диний бағрикенглик асосларига риоя қилган ҳолда ўзаро тинч-тотувликда умргузаронлик қилаётгани фикрларимизнинг яққол далилидир. Бундан ташқари Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг айрим йўналишлари ҳам милларлараро тотувлик муносабатларини яхшилашга қаратилган. 

   Миллатлараро тотувликка эътибор қаратилиши Ўзбекистонда яшаётган миллат ва элатларнинг турли касб-корларда фаолият олиб бориши, урф-одат ва анъаналардан хабардор бўлишига замин яратмоқда. Бу бевосита маънавий қадриятларнинг миллат ичида ривож топиб, янада бойишига олиб келади.   

   Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий  эътиборида бўлиб келмоқда. Бугун умумий ўрта талим мактабларимизда  7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман, қозоқ ва тожик тилларида билим берилаётгани, шунингдек, оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллатларнинг 10 та тилида фаолият олиб бораётгани бунинг ёрқин намунасидир.

 

Диёрбек Жўрамирзаев 

        Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 2-босқич талабаси