Бухоро вилояти Пешку туманининг Шавгон маҳалласида бўлиб ўтган байрам тадбирлари яқин қўшничилик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокими ботир Зарипов сўзга чиқиб, иштирокчиларни самимий муборакбод этди.
Ҳудудда бўлиб ўтган байрам барчага завқ-шавқ улашди, унда миллий халқ ўйинлари, концерт дастурлари, спорт мусобақалари ва ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилди.
Турли миллат вакилларидан иборат фольклор-этнографик ансамблларнинг бадиий чиқишлари, рақс ва ашула, миллий мақом, халқ оғзаки ижодиёти, лапар, айтишувлар барчага хуш кайфият улашди.
Бугунги кунда халқлар ўртасидаги дўстлик алоқалари, самарали, ўзаро манфаатли ҳамкорлик минтақада тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлиб келмоқда.
[gallery-22594]
– Узоқ йиллар ёнма-ён яшаган, қуда-анда бўлиб кетган халқлар ўртасидаги алоқалар деярли тўхтаб қолган, чегаралар беркилган вақтлар ҳам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан қўшни давлатлар билан чегаралар очилганда қанча одамлар қувончи ичига сиғмади. Бугунги кунда бири-бирига қон-қардош, қуда-анда бўлиб кетган халқларимизнинг борди-келдиси ҳам тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Биргаликда ўтказилаётган тўйлар, байрамлар халқларимизни янада жипслаштирмоқда, қон-қардошлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда, – дейди Бухоро вилояти “Офтоби сўғдиён” тожик-форсий миллий маданий маркази раҳбари Рауф Авезов.
Бугун Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари иштирокида тарихда илк бор уч томонлама саммит бўлиб ўтмоқда. Албатта, ушбу саммит уч мамлакат ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади ҳамда Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади. Бу қувончли хабарни уч мамлакат халқлари катта хурсандчилик билан кутиб олмоқда.
Ҳозирда 50 мингга яқин қирғиз ва 35 мингдан зиёд тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар бошқа миллат ва элатларнинг вакиллари сингари, бир оиладек тинч-тотув истиқомат қилмоқда.
Яшариш ва янгиланиш фаслининг шукуҳи давом этаётган айни кунларда вилоятнинг барча маҳаллаларида, жумладан, қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳамда қирғиз ва тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилиб келаётган маҳаллаларда халқ сайллари шодлик билан ўтмоқда.
Ҳайит байрами муносабати билан “Ҳайит оши – тинчлик, дўстлик ва бағрикенглик оши” эканлигининг амалдаги ифодаси сифатида эҳсон тадбирлари ҳам ўтказилди.
Ушбу тадбирлар доирасида маҳаллалар ҳудудида турли миллат вакиллари иштирокида “Дўстлик боғлари” барпо этилиб, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этувчи қўшиқлар ижро этилди. Амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари, китоблар кўргазмалари ташкил этилиб, миллий ўйинлар ва турли танловлар ўтказилди.
Тадбир доирасида “Шавгон” маҳалласида оилавий поликлиниканинг қўшимча биноси фойдаланишга топширилди. Сўнгги йилларда давлат раҳбари томонидан тиббиёт тизимига катта эътибор қаратилиб, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун ихтисослашган тиббий хизмат янада яқинлаштирилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.