Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллатлараро тотувлик: фуқаролик хизматида 35 та миллатга мансуб 5 мингга яқин вакиллар хизмат қилмоқда
17:55 / 2025-12-05

Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилмоқда.

Таълим масканларида 7 тилда таълим-тарбия йўлга қўйилгани, миллий телеканалларимизда 12 та тилда эфирлар олиб борилаётгани, газета ва журналлар 14 та тилда чоп этилаётгани мамлакатимизда барчага тенг шарт-шароит, ҳуқуқ ва имкониятлар тақдим этилаётганидан даракдир.  

Бугунги кунда давлат фуқаролик хизматида 35 та миллатга мансуб 5 мингга яқин вакиллар хизмат қилиб келмоқда. Қонунчилик палатасида ҳам 12,7 фоиз депутатлар, маҳаллий Кенгашларда эса 11,5 фоиз депутатлар турли миллат вакиллари ҳисобланади.  

Мавжуд 157 та миллий маданий марказ мамлакатимиз маданий ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Миллий маданий марказлар томонидан ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз, Мустақиллик, Ўқитувчи ва мураббийлар куни, Конституция куни каби умумхалқ байрамлари кенг нишонланади. Шу билан бирга, мамлакатимизда яшаётган турли миллатлар ва элатларга хос бўлган “Сабантуй”, “Чхусок”, “Охи”, “Дервиза”, “Қовун сайли” каби миллий байрамлар кенг кўламда ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда ёш авлодга етказишда муҳим майдонга айланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қ.Сариевнинг “Мамлакатимизда умуммиллий тотувликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Ахборотда қайд этилганидек, ҳар йили 30 июль – "Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан бутун мамлакатимиз бўйлаб бир ҳафта давомида “Дўстлик” фестивали, шунингдек, 16 ноябрь — "Халқаро бағрикенглик куни" муносабати билан “Бағрикенглик ҳафталиги” кенг нишонланди. Бу йил ушбу фестивалларда 700 мингдан ортиқ фуқароларимиз, шу жумладан турли миллат ва конфессияга мансуб аҳоли вакиллари фаол қатнашди.

Октябрь ойи Миллатлараро муносабатлар қўмитасида миллий маданий марказлар билан биргаликда ўзбек тили ойлиги деб эълон қилинди. Ушбу ойлик доирасида Қўмита томонидан турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасида “Ўзбек тилига бағишланган энг яхши шеър ижрочиси” ва “Ўзбек тилида ижро этилган энг яхши қўшиқ” номли танловлар ўтказилди. Ўзбек тилини оммалаштириш бўйича флешмоблар ўтказилди, тарғибот материаллари тайёрланди, интервьюлар ташкил қилинди. Умуммиллий бирдамлик шаҳарчасида Қўмита томонидан миллий маданий марказлар билан биргаликда “Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!” шиори остида маданий-маърифий тадбир, халқ сайли ўтказилди.

Бундан ташқари, 44 та дўстлик жамияти ҳамда хорижий давлатларнинг 76 та ҳудуди билан мамлакатимиз вилоятлари ва шаҳарлари ўртасида ўрнатилган биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида халқ дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда.

Хорижий давлатлардаги 100 дан ортиқ ўзбек диаспораси ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларни Ўзбекистон билан мустаҳкам боғлашга, уларнинг миллий ўзликни сақлаб қолишига ва салоҳиятини Ўзбекистон тараққиётига йўналтиришга қаратилган чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, қўмита раиси жамиятдаги ҳамжиҳатликни кўролмаётган, умуммиллий тотувлигимизга рахна солаётган, оқни қора деб кўрсатаётган ғаразгўйлар ҳам йўқ эмаслигини таъкидлаб, умуммиллий тотувликни, дўстлик ва бирдамликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириб бориш лозимлигини таъкидлади.

Муҳокамалар давомида депутатлар умуммиллий бирдамликни таъминлаш борасида давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди. Шунингдек, бошқа миллатга мансуб бўлган депутатлар сўз олиб, кўп миллатли Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлаш борасидаги ислоҳотларни, барча миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари Конституция даражасида мустаҳкамланганини алоҳида эътироф этди.  

Мажлисда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раисининг ахбороти юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА