Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири инсон қадр-қиммати, кўп миллатли халқимизнинг орзу-умидлари, интилишларини рўёбга чиқариш, муносиб ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароитларни яратишдир.
Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида аҳолимизнинг турли миллат ва элатлар билан ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатликда азалий қадриятларимиз ҳисобланмиш дўстона муносабатларнинг бардавомлигини таъминлаш Ўзбекистон сиёсатида алоҳида диққатга сазовор йўналишдир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бу масалага катта эътибори миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик давлатимизда барқарорликни мустаҳкамлашга, хавфсизликни таъминлашга хизмат қилишидадир.
Аҳолининг аксариятини ўзбек миллати ташкил этиши билан бир қаторда, юртимизда 130 дан зиёд бошқа турли миллат ва элат вакиллари яшайдилар.
Бу борада миллати, тили, дини, турли-туман қарашлари бўлган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини камситмаслик, уларнинг тенглик шароитида яшаб ривожланишлари учун махсус стратегия ишлаб чиқилди ва у амалда ўз самарасини бермоқда.
2017 йилда Ҳукумат ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди, ҳар бир вилоятда миллатлараро тотувликни, бағрикенгликни таъминлаш мақсадида жамоатчилик кенгашлари тузилди. Турли миллат вакилларининг ҳокимият органларидаги иштироки ўсиб борди. Хусусан, Олий Мажлисда уларнинг улуши 13%, Сенатда 8%, маҳаллий кенгашларда 10%ни ташкил этмоқда. Миллий маданий марказлар учун вилоятларда дўстлик уйлари очилди, марказларнинг мунтазам фаолият олиб бориши учун грантлар ажратилди ва табиийки, уларнинг сони кўпайиб, ҳозирда 147 тани ташкил қилмоқда.
Сўнгги йилларда хориждаги ватандошларимизга ҳам эътибор ва муносабат тубдан ўзгарди. Амалга оширилаётган ишлар фуқароларимизнинг халқаро ахборотлар алмашинувига, ватандошларимиз билан яқин муносабатлар ўрнатишга ва турли соҳалардаги фаолиятни ривожлантириш, замонавий, инновацион лойиҳалар билан ишлаш имкониятларини кенгайтирди. Бу эса ўз навбатида юртимиз равнақига хизмат қилмоқда.
2018 йилда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан ҳамкорлик қилиш борасида концепция қабул қилинди. Айни пайтда хориждаги ватандошларнинг 150 дан ортиқ ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Улар билан охирги беш йилда 400 дан ошиқ учрашувлар ўтказилди. Шу давр мобайнида хориждаги ватандошларимизнинг «олтин дафтари» яратилди, улардан 125 та турли соҳа ва йўналишларнинг ривожига оид лойиҳалар таклиф сифатида қабул қилинди. Ватандошларимизнинг 7 мингга яқин долзарб илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлган ишлари электрон реестри шакллантирилди.
Хорижда таълим олаётган Ўзбекистон ёшлари билан ишлаш, келажакда уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистонга қайтганидан кейин иш билан таъминлаш масалаларида ҳам кўмаклашиш йўлга қўйилди. Келиб чиқиши асли ўзбекистонлик бўлганлар учун беш йиллик, йирик хорижий инвесторлар учун ўн йиллик виза жорий этилди. Хориждаги ватандошларимизга тегишли ОАВнинг Ўзбекистондаги аккредитацияси соддалаштирилди. Бу эса ўз навбатида уларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаёт ҳақидаги ахборотларга эга бўлиш имкониятларини кенгайтирди.
Чет мамлакатлар билан дўстлик жамиятларининг сони ҳам кейинги йилларда 38 тага етди. Халқлар ўртасида ишонч ва яхши қўшничилик, ўзаро мулоқотни кучайтириш мақсадида ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилди. Юртимизда миллатлараро муносабатларни ривожлантиришда этнография ва антропология йўналишида таълим ва илмий тадқиқотларни олиб бориш мақсадида 2019-2020 йилдан бошлаб олий таълим тизимида 95 талаба бакалавриат ва магистратура йўналишларида таҳсил олмоқда, махсус лаборатория ва кафедра ташкил этилди. Жамиятимизда барқарорлик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш мақсадида экстремизм, ксенофобия, ирқчилик каби қўпорувчилик ва зарарли ғояларнинг урчишининг олдини олиш мақсадида 10 га яқин тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда шакллантирилган миллатлараро муносабатлар стратегияси жамиятнинг барқарор ривожланиши, тинчлик ва хотиржамликни мустаҳкамлашга, халқимизнинг фаровон ва хавфсиз ҳаёт кечиришига хизмат қилади.
Лола Саидова,
Юридик фанлар доктори,
профессор, СМТИ бош илмий ходими