Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллатлараро дўстона алоқа ўрнатиш орқалигина дунёда осойишталикни таъминлаш мумкин
17:30 / 2022-07-29

Шу кунларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчилик масаласи бўйича Олий комиссари К.Абдрахманов бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Меҳмонлар ташриф доирасида Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган амалий ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида бир қатор давлат ташкилотлари ва миллий маданий марказларда учрашув ўтказмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида ташкил этилди.

Қўмита раиси Р.Қурбонов билан кечган суҳбатда мамлакатимизда турли миллат ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Жумладан, мамлакатимизда 152 миллий маданий марказ, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан 36 дўстлик жамияти муваффақиятли фаолият юритмоқда. 

2021 йил Президентимиз томонидан имзоланган қонун асосида “30 июль – Халқлар дўстлиги куни” сифатида кенг нишонлана бошланди. Миллатлараро муносабатлар ва дўстлик алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётган ватандошлар ва хорижлик ҳамкорлар фаолиятини муносиб тақдирлаш мақсадида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилгани ҳам давлатнинг ушбу йўналишга эътибори юқори эканидан далолат.

Шунингдек, республикамизнинг барча ҳудудларида турли миллат вакиллари учун ўз тили, маданияти, урф-одатини сақлаб қолиш ва кейинги авлодларга етказиш учун зарур шароит, имконият яратилгани қайд этилди. Эришилаётган ютуқлар айнан давлат томонидан берилаётган эътибор самараси экани таъкидланди.

К.Абдрахманов ҳам ўз навбатида Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатда истиқомат қилаётган ҳар бир миллатга алоҳида эътибор қаратилаётгани, кўзланган мақсадга эришиш йўлида танланган механизм пухта ўйланганини, хусусан, 28 июль куни Фарғона вилоятидаги миллий маданий марказлар фаоллари билан кечган учрашувда ҳам бунга гувоҳ бўлганини эътироф этди. Фарғона шаҳрида муҳташам “Дўстлик уйи” барпо этилиб, турли миллат вакиллари ихтиёрига топширилгани мамлакатда миллатлараро муносабатлар нечоғли тўғри йўлга қўйилганидан дарак беришини таъкидлади.

- Миллатлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқа ўрнатиш орқалигина дунёда барқарорлик, осойишталикни таъминлаш мумкин, - дейди К.Абдрахманов. - Бу борада Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги ташаббуслари ҳамда мамлакатда бу борада олиб бораётган оқилона сиёсат халқаро миқёсда ҳам муносиб баҳоланмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги барча байрамлар миллий маданий марказларнинг ижодий чиқишлари, концерт дастурлари билан янада шукуҳ касб этиши, ўзгача жозиба билан ўтиши анъанага айланган. Бу юртимизда барча миллатлар маданияти ҳурмат қилинишидан далолат.

Ўзбекистон бўйлаб амалга оширилаётган “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида бунёдкорлик ишларида ҳам барча миллатлар манфаати ҳисобга олинганига эътибор қаратилди. Жумладан, Жиззах вилоятидаги қирғиз миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилувчи “Манас” қишлоғида давлат томонидан капитал қурилиш ишлари олиб борилиши натижасида 45 кун ичида янги замонавий қишлоқ барпо этилди. Бу бошқа миллат вакилларига Президентимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборнинг яна бир намунасидир.

Гўзал Сатторова, ЎзА