Бухорода дўстлик фестивали бўлиб ўтди. Маданий-маърифий тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов тарихи бир неча минг йилликларга туташ кўҳна ва боқий Бухоро қадим шарқ цивилизацияси бешикларидан бири сифатида асрлар давомида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маскани бўлиб келаётганлигини таъкидлади.
Айни пайтда Бухоро вилоятида турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Улар ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиёти йўлида меҳнат қилмоқда. Вилоятда фаолият юритаётган 12 та миллий маданий марказлар турли миллат вакиллари урф-одат ва анъаналарини тарғиб этиши ва асраб-авайлашида муҳим аҳамият касб этаётир.
[gallery-8150]
Тадбирда юртимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни, турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарни сақлаш ҳамда ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ миллий маданий марказлар ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Вилоятдаги миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган уларнинг урф-одат ва анъаналарини ўзида акс эттирган кўргазмалар ҳамда концерт дастурлари тадбир иштирокчиларига катта таассурот қолдирди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА