French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Миллатларapо тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашда парламентнинг роли» форуми бўлиб ўтди
15:52 / 2021-06-25

Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашда парламентнинг роли» мавзусида парламент форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлар ва диний конфессиялар раҳбарлари иштирок этди.

Форумни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажилиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ҳамда Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг кириш сўзи билан очди.

Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов миллатлараро муносабатлар соҳасидаги фаолият устидан парламент назорати механизми борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – миллатлараро муносабатларда тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишларни амалга оширмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Шу билан бирга, халқаро ва минтақавий муносабатларда давом этаётган глобаллашув ва трансформация, дунёда иқтисодий, сиёсий, миллий, диний ва бошқа зиддиятлар кучайиб, ахборот ва кибермаконларида қарама-қарши кураш ортиб бораётган бир шароитда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб масалалар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонда аҳолининг кўп миллатли бўлишига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг қулай омили сифатида қаралмоқда. Ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни сақлаш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳисобига халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрўси ошиб бормоқда.

Хусусан, мамлакатимиздаги давлат таълим муассасаларида ўқитиш етти тилда олиб борилади. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини ўн икки тилда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошида 138 миллий маданий марказ, бундан ташқари, 16 конфессияга тегишли 2300 га яқин диний ташкилот фаолият юритади.

Бу борада яхлит, чуқур ўйланган сиёсат ва уни амалга оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилиб, миллатлараро муносабатларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда. Бу ислоҳот ва ўзгаришлар негизида конституцион ҳуқуқ ва кафолатлар ётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Мамлакатимизда ижтимоий барқарорликни таъминлашда миллатлараро муносабатлар соҳасидаги фаолият самарали бўлиши ушбу фаолият устидан Парламент назоратининг ўрнатилишига боғлиқ. Бунинг учун Парламент назорати миллатлараро муносабатларни тартибга солишга хизмат қиладиган қонун, фармон ва қарорларга риоя этилишини таъминлашга қаратилиши лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар соҳасида ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларнинг янги модели яратилди. Ушбу модель турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги миллатлараро ва динлараро мулоқот, конструктив ёндашув ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигига асосланади.

Шу маънода, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалари соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатда ушбу соҳаларда янгича ёндашув ва стратегик мақсадни бирлаштирган тизим шаклланишига хизмат қилди. Мазкур тизимнинг муваффақияти эса юртимизда тинчликни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, барқарор ривожланиш учун замин яратмоқда. Зеро, замонавий давлатнинг бош мақсади жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат...

Форумда, шунингдек, Роман Загребельный, Самарқанд «Храм в честь Покрова Божией Матери» черкови роҳиби, турли миллатлар маданият марказлари директорлари динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик борасида фикр алмашдилар.

 

Отабек Саъдуллаев,

СамДУ Ахборот хизмати ходими.

ЎзА

Бахтиёр Мустанов (сурат)