9 февраль – Алишер Навоий таваллуд топган кун
Жорий йилда улуғ шоир ва мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор, навоийшунос олим Мақсуд Асадов билан суҳбатимиз алломанинг ижодий мероси ҳақида бўлди.
– Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда мамлакатимиздаги етакчи илмий-маърифий даргоҳлардан саналади. Бу борада охирги йилларда бажарилган илмий изланишлар ва уларнинг аҳамияти хусусида сўзлаб берсангиз.

– Инсоният тамаддуни тарихида муҳим ўрин тутган етук истеъдод соҳибларининг улкан ижодий мероси ҳамма замонларда юксак даражада эътибор ва эътирофга лойиқ кўрилган. Хусусан, буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоийнинг муборак номи ҳам ҳамиша улкан бир эҳтиром, чек-чегарасиз муҳаббат билан хотирланади. Шамсул миллат асарларида ифода топган мангуликка дахлдор эзгу ғоялар, некбин қарашлар кўксида юртга садоқат, халққа фидойилик нури порлаган маънан уйғоқ авлодларини яратувчанлик шукуҳи ва бунёдкорлик завқи ила илҳомлантириб, рағбатлантириб туради. Мамлакатимизда улуғ шоир таржимаи ҳоли, фаолияти ва ижодини чуқур ўрганишга, кенг тарғибу ташвиқ қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежизга эмас, албатта.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “Жонажон Ватанимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда”. Шу мақсадда беназир истеъдод соҳибининг адабий ва илмий меросини атрофлича ўрганиш юзасидан бир қатор қарору фармонлар қабул қилиниб, ифтихор этишга арзигулик ишлар амалга оширилди. Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди ташкил этилгани, фонд ташаббуси билан 30 жилдлик “Истиқлол даври навоийшунослиги” тўпламининг нашр юзини кўргани, Фанлар академияси олимлари томонидан 4 томлик “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг чоп қилингани, “Алишер Навоий” номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши ана шулар жумласидандир.
Навоийнинг шахсиятини ижодидан, бемисл ижодиётини шахсий фазилатларидан айро бир тарзда тасаввур ва талқин этиб бўлмайди. Халқ фаровонлиги, эл тинчлиги, миллат равнақи йўлида курашчан руҳ билан кўрсатган жонбозликлари барча замонлар учун ўрнак ва ибрат мактабидир. Айниқса, ўз даврининг “йилт этган” истеъдод соҳиблари, адабиёт, санъат ва ҳунар аҳлини қўллаб-қувватлаб, уларга ҳомийлик, раҳнамолик қилгани буюк қалб эгасининг маънавий қиёфасини янада нурлантиради. Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу ҳақда “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмас… Мунча биноий хайрким, ул қилди кам киши мундоққа мувофиқ бўлмиш бўлғай”, деб ёзади. Машҳур шарқшунос Э.Браун эса гўё Бобурнинг сўзларидан таъсирланиб, мана нима дейди: “Мир Алишернинг ҳам ижодкор, ҳам қалам аҳлининг ҳомийси сифатидаги аҳамияти ва таъсири таърифлаб бўлмас даражада каттадир. У ўз даври ва миллатнинг буюк саховатпешасидир”.
Шубҳасиз, Навоий кўз олдимизда ўз жамиятининг энг жонкуяр, энг фидойи, шижоату журъатда бемисл сиймоси ўлароқ гавдаланади. Унинг, айниқса, ёшларга, келажак авлодга алоҳида эътибори, уларнинг эртанги кунига бўлган сўнмас умид ва ишончи бугун ҳам қалбларда ҳайрат ва иштиёқ пайдо қилади. Биргина Бобур Мирзонинг илк бор Самарқанд тахтини эгаллаши муносабати билан унга йўллаган мактуби ва ёш шаҳзодани қутлаб, янги зафарлар сари илҳомлантиргани сўзимизнинг ёрқин исботидир. “Муншаот” асарида шаҳзодалар Бадиъуззамон ва Музаффар Мирзоларга ёзган мактублари ҳам Навоийнинг юрт тақдири, салтанат келажагига бефарқ қарамаган элпарвар инсон сифатидаги ёрқин фазилатларини кўрсатиб туради. Айниқса, “Фарҳод ва Ширин” достони хотимасида Шоҳғариб Мирзони илм ўрганишга қунт ва сабот кўрсатиб, соғлом фикр, етук ахлоқ эгаси, муайян бир соҳани пухта эгаллаб, ўз касбининг устаси бўлишга даъват этиб айтган ўгит-насиҳатлари, бугунги кун ёшлари учун ҳам аҳамияту қимматини асло йўқотмаган. Масалан:
Қуёшлиқ истaсaнг кaсби кaмoл эт,
Kaмoл aр кaсб этaрсeн, бeмaлoл эт.
Kиши тaълимдин тoпсa мaлoлaт,
Тoпaр илм aҳли oллиндa xижoлaт...
Навоий буюк сўз санъаткори, туркий адабиёт тарихида унга тенг кела оладиган яна бир шундай серқирра ижодкорни топиш мушкул. Навоий – юксак ғоя, эзгу мақсад, гўзал ва мунаввар ҳис-туйғулар тамсилчиси. Унинг ижодий имкониятлари сир-синоатини ўрганишга бўлган кучли қизиқиш эса шоир ҳаётлигидан то ҳозиргача сира ҳам сусаймаган.
Жумладан, институтимизда ҳам навоийшуносликнинг ўзига хос мактаби шаклланган. Ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталаридан, яъни мазкур илм даргоҳи ташкил топгандан бошлаб Алишер Навоий мансуб бўлган XV асрнинг II ярми Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ижтимоий, адабий муҳитнинг ўзига хос хусусиятлари, даҳо шоирнинг ўлмас ижодий меросини тадқиқ этиш борасида оламшумул ютуқларга эришилгани бор гап. Турли даврларда Ойбек, Иззат Султон, Порсо Шамсиев, Воҳид Зоҳидов, Азиз Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметов, Абдурашид Абдуғафуров, Суйима Ғаниева, Ёқубжон Исҳоқов, Иброҳим Ҳаққул каби етук навоийшунослар соҳа ривожига ўз ҳиссаларини қўшишган. Бугун институтимиз илмий ходимлари устозлар бошлаган шонли йўлни баракали давом эттиришмоқда. Жумладан, Навоий асарларининг янги нашрларини юзага чиқариш, улуғ шоир шеъриятининг жанрлар тизими, образлар олами, бадиий хусусиятларини теран тадқиқ қилиш юзасидан муҳим ишлар бажарилди. Навоий насрий асарларининг услубий хусусиятлари атрофлича ўрганилиб, монография тарзида чоп қилинди. Кейинги йилларда ёш тадқиқотчиларимиз “Навоий ижодида эр ва эран образи”, “Навоий шеъриятида гул ва булбул образи”, “Фарҳод ва Ширин: адабий матн таркиби ва ғоявий-бадиий талқин”, “Навоий ижодида фахрия” каби бир қатор янги мавзуларида изланишлар олиб боришгани ҳам навоийшуносликдаги ютуқларимизнинг миқёсини кўрсатади. Биргина Фарҳод образига оид илмий изланишни мисол қилайлик. Фарҳод – улуғ шоир шахсияти, маънавий-ахлоқий қиёфасига анчайин яқин бўлган бадиий тимсол. Навоийни кашф этиш учун, унинг асарларидаги етакчи қаҳрамонлар, хусусан, Фарҳод образининг ўзига хос хусусиятларини атрофлича мушоҳада этиш лозим. Навоий миллатимиз маънавиятининг порлоқ ва сўнмас қуёшидир. Уни англаш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий ислоҳотларнинг моҳиятини чуқур тушуниш ва ёш авлод онгу шуурига бугунги ютуқларимиз мазмунини теранроқ сингдиришга ёрдам беради. Институтимиз олимларининг тадқиқотларидан кўзланаётган мақсад ҳам, аслида, ана шу.
– Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда тўрт жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг яратилиши маънавий ҳаётимизда, мамлакатимиз навоийшунослигида катта воқелик бўлди. Алишер Навоий энциклопедияси”нинг янги нашрини амалга ошириш борасидаги ишлар яна давом этаяптими?
– Дарҳақиқат, мамлакатимиз илм-фани, маданияти ва адабиёти тарихида илк марта яратилган “Алишер Навоий энциклопедияси” – Янги Ўзбекистоннинг маданий ва илмий ҳаётида ниҳоятда муҳим ҳодисадир. Тўрт жилддан иборат мазкур энциклопедия буюк шоир ва мутафаккир, йирик давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий билан боғлиқ барча маълумотлар, навоийшунослик масалаларини атрофлича қамраб олади. Унда тарих, дин, тасаввуф, ирфон, маънавий комиллик мавзуларига ҳам кенг ўрин берилган.
Тўрт жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси” Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан чоп этилди. “Ўзбекистон” нашриёти бу муҳташам нашрнинг дунё юзини кўришида астойдил жонбозлик кўрсатди. Китоб Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бўлими томонидан 2021-2024 йиллар мобайнида нашрга тайёрланди.
Қомусда мақолалар ўзбек лотин алифбосидаги ҳарфлар тартибида жойлаштирилган. Ҳар бир жилднинг сўнгида рус ва инглиз тилларида батафсил маълумотларни ўз ичига олган аннотациялар берилган. Жилдликлар охирида қисқартмалар изоҳи келтирилган; энциклопедияда мақолаларидан фойдаланилган муаллифларнинг исм-фамилияси, илмий даража ва унвонлари кўрсатилган жадвал илова қилинган. 78 та муаллиф орасида нафақат ўзбек адабиётшунослари, таниқли навоийшунослар, балки Озарбойжон, Тожикистон, Туркия, Қирғиз Республикаси, АҚШдан ҳам олимлар номининг борлиги алоҳида диққат қаратишга арзигулик ишдир. Дарҳақиқат, энциклопедияда хориж навоийшунослиги билан боғлиқ 200 га яқин мақола келтирилган. Инглиз, француз, немис, рус, белорус, украин, форс адабиётшунослигида Навоий ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши ҳақидаги маълумотлардан ташқари Л.Бува, Ян Шмидт, Реми Дор, Жан-Пол Ру, Барбара Келлнер Хенкел, Юрген Паул, Й.Э.Бертелс, С.Н.Иванов, Н.И.Конрад, Паве де Куртейл, Э.Браун В.В.Бартолд, А.Н.Самойлович, Б.Ваҳобзода, Элиас Жон Уилкинсон Гибб, Эдвард Браун, Мариа Ева Сабтелни хоним каби юзлаб хорижлик олимларнинг навоийшуносликка доир тадқиқотлари хусусида ҳам алоҳида тўхтаб ўтилган.
Энциклопедиядан буюк шоир асарларининг турли йиллардаги нашрлари, уларнинг хорижий тилларга таржималари, юртимиз ва жаҳон кутубхоналари хазиналарида сақланаётган қўлёзма ҳамда тошбосма китоблари, шунингдек, рассомчилик, ҳайкалтарошлик, театр, кино сингари санъат турларида Алишер Навоий сиймосининг акс эттирилишига доир мақолалар, айрим лирик асарларининг илмий таҳлиллари ҳам ўрин олган. Энг аввало, Алишер Навоий яшаган даврда Хуросон ва Мовароуннаҳрда адабий ҳаётдаги ижобий юксалишлар, уларни юзага келтирган омиллар ҳақидаги мақолаларга кенг ўрин ажратилган. Бу эса юртимизда кечган Иккинчи Уйғониш даври – Темурийлар Ренессансининг ҳаётий қудратини идрок қилиш ва унда Алишер Навоийнинг тутган ўрнини атрофлича мушоҳада этиш имконини беради.
Шоҳ Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги остидаги Хуросон пойтахти – Ҳиротда яшаб меҳнат қилган туркий қавмлар, уларнинг ўзига хос табиати, урф-одатлари, саройда тутган мавқелари тўғрисида китобга қатор мақолалар киритилган. Шунингдек, улуғ шоир замондошлари, дўстлари, Алишер Навоий билан ҳамнафас ижод қилган қалам аҳли ва уларнинг ижодий йўли борасидаги изланишлар адабиёт муҳиблари учун ҳамиша қизиқарли бўлган. Энциклопедияда шоирнинг оиласи, қариндош-уруғи, дўстлари, мусоҳиблари, устоз ва шогирдлари, атрофидагилари ҳақида ҳам илмий аҳамиятга молик маълумотлар етарлидир.
Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш асрлардан асрларга, насллардан наслларга ўтиб келаётган бўлса-да, ўртада бир бўшлиқ ёки узилиш кузатилмаган. Шоир ҳаётлигидаёқ Мирхонд, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Зайниддин Восифий каби олиму адиблар томонидан бошланган хайрли ишни Садриддин Айний, Олим Шарофиддинов, Абдурауф Фитрат, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Воҳид Абдуллаев, Воҳид Зоҳидов, Абдуқодир Ҳайитметов, Суйима Ғаниева, Алибек Рустамов, Азизхон Қаюмов, Нажмиддин Комилов, Абдурашид Абдуғофуров, Ёқубжон Исҳоқов, Иброҳим Ҳаққул каби етук навоийшунослар, Порсо Шамсиев, Ҳамид Сулаймонов сингари жонкуяр матншунослар давом эттиришган. Уларнинг навоийшунослик тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида “Алишер Навоий энциклопедияси”да кенг маълумотлар тақдим қилинди.
Давр нуқтаи назаридан қаралса, ҳозир Навоий меросини ўрганишга кенг уфқлар очилганига гувоҳ бўламиз. Буюк мутафаккир шоир ижодининг маънавий сарчашмалари, уни ичдан нурлантириб турган миллий ва умумбашарий қадриятлар, ислом дини ва ирфоний ғояларни теран англаш ҳам англатишга имкон яралди. Бу Шуҳрат Сирожиддинов, Муслиҳиддин Муҳиддинов, Дилором Салоҳий, Олим Давлатов, Мақсуд Асадов, Қодиржон Эргашев, Нурбой Жабборов, Сайфиддин Рафиддинов, Эргаш Очилов, Буробия Ражабова, Боқижон Тўхлиев, Султонмурод Олимов, Дилнавоз Юсупова, Каромат Муллахўжаева, Нусратулла Жумахўжа, Усмон Қобилов, Ҳабибулло Жўраев каби қатор адабиётшуносларнинг илмий тадқиқотларида ўз аксини топган. “Алишер Навоий энциклопедияси”да улар эришаётган ютуқларнинг тарғиботига ҳам алоҳида эътибор берилган.
Ҳозирги кунда Алишер Навоийнинг 240 минг мисрадан иборат назмий асарлари ва насрий дурдоналари Европа кутубхоналарида сақланади. Жаҳон кутубхона фондларида, хусусан, Эрон, Туркия кутубхоналарида, Париж Миллий кутубхонаси, Канададаги Торонто дурулфунуни, Вена Қироллик кутубхонаси, Венгер Фанлар академияси, Британия музейи, Берлин, Венеция, Оксфорд университетлари кутубхоналарида “Хамса”нинг тўлиқ ва мазкур асар таркибидан ўрин олган тўрт достоннинг алоҳида-алоҳида кўчирилган нусхалари; “Чор девон”нинг кўплаб қўлёзмалари; Навоийнинг турли даврларда кўчирилган асарлари асосида тартиб берилган куллиёт, шунингдек, “Лисон ут-тайр”, “Мажолис ун-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Тарихи мулки ажам”, “Муҳомат ул-луғатайн”, “Девони Фоний”, “Хамсат ул мутаййирин” асарларининг кўп нусхали қадимий қўлёзмалари мавжуд. Улар орасида улуғ шоир ҳаётлиги пайтида кўчирилган ва улкан илмий қимматга эга бўлганлари ҳам кўп. Энциклопедияга ана шу мавзуларга оид мақолалар ҳам киритилди.
Алишер Навоий номи билан аталадиган жой номлари, корхона ва ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар ҳам муаллифлар назаридан четда қолган эмас. Маълумки, бир вилоят, шаҳар, олий ўқув юрти, Тошкентдаги Давлат кутубхонаси, ЎзР ФА Давлат адабиёт музейи, Тошкентдаги Катта академик опера ва балет театри, санъат саройи, Тошкентдаги метро бекати ва ўнлаб кўчалар улуғ шоир шарафига номланган. Энциклопедияда уларга бағишланган мақолалар билан бирга, турли хил суратлар берилган. Жумладан, 1-жилдда жаҳоннинг машҳур шаҳарларида шоир шарафига қўйилган ўнлаб ҳайкаллар расми, 2-жилдда асарларига ишланган турли даврларга оид миниатюра намуналари, 3-жилдда “Хамса” достони асосида саҳналаштирилган спектакллардан лавҳалар жойлаштирилган бўлса, 4-жилдда кино, видеофильм, мусиқа, тасвирий санъат намуналарида Навоий даҳосининг ўлмас образ сифатида яратилганини далилловчи фотосуратлар жамланган.
“Алишер Навоий энциклопедияси”дан 2500 дан ортиқ қомусий характердаги мақола ўрин олган (1-жилд 536 та, 2-жилд 620 та, 658 та, 3-жилд 649 та, 4-жилд 578 та мақоладан ташкил топган). Ҳар қандай нашрнинг ютуқ ва муваффақиятлари қатори камчилик ва нуқсонлари ҳам бўлади, албатта. “Алишер Навоий энциклопедияси” ҳам бундан тўла мустасно эмас. Лекин, бир жиҳат борки, буни сира инкор қилиб бўлмайди. Навоийшунослик ўз тараққиёт йўлидан дадил давом этади. Шундай экан, китоб қайта-қайта чоп қилишга мўлжаллангани ва ҳар нашрда хатолар тузатилиб, тўлдириш ишлари амалга оширилиши эътиборга олинса, унинг босқичма-босқич такомиллашиб бориши ўз-ўзидан равшанлашади. Ана шу мақсадда “Алишер Навоий энциклопедияси”ни янада такомиллаштириш борасидаги ишларимиз тўхтаб қолгани йўқ. Навоий асарларидаги образ ва тушунчалар изоҳи, таҳлил ва талқинларига оид кўпгина янги мақолалар, навоийшунос олимлар ҳақидаги талайгина маълумотлар қўлимизда жамланиб қолди. Шу кунларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигига “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг беш жилддан иборат янги нашрини тайёрлаш (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) ва электрон платформасини яратиш” мавзусида танлов учун илмий лойиҳа топширганмиз. Агар бу лойиҳа қўллаб-қувватланса, энциклопедиянинг янада мукаммал нашри, жаҳон тилларига қилинган таржимаси ва дунё илм аҳлини ўзбек навоийшунослигидаги улкан янгиликлардан хабардор қилиш имконияти пайдо бўлади.
– Навоий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш билан бирга халқимиз орасида тарғиб этиш ҳам жуда муҳимдир. Бу йўналишда илмий жамоангиз томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида сўзлаб берсангиз.
– Тадқиқот тарғиботдан йироқ бўлса, табиийки, унинг моҳияти ҳам, мақсади ҳам, манфаати ҳам қоронғуликда қолаверади. Биров бу ҳақда билмаса, эшитмаса, илмда қўриқ очишнинг кимга кераги бор, янгилик даъвоси қилишнинг не мазмуни қолади. Биз Навоийни замондош инсонларга, айниқса, ёшларга – келажак авлодга таништиришга бурчлимиз. Зеро илмий изланишлар, яратилган ишланмалар илм-фан тараққиёти, маънавий-маърифий соҳа ривожи учун у ёки бу даражада фойда келтириши лозим. Бугун институт олимлари кўп жилдлик “Ўзбек адабиёти тарихи”ни яратиш устида астойдил меҳнат қилишмоқда. Албатта, унда Алишер Навоий таржимаи ҳоли ва адабий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Шундай номдаги 5 томдан иборат китоб ўтган асрнинг 70-йилларида чоп қилинган. Унинг бир жилди Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди масалаларига бағишланган эди. Мана, орадан салкам 60 йилга яқин фурсат кечди. Бу вақт мобайнида навоийшунослик бир неча тараққиёт босқичларини босиб ўтди. Замонлар эврилди, одамларнинг дунёқараши ўзгарди, қолипларда қолиб кетган эски мафкурадан тўла воз кечилиб, ҳуррият ва эркинлик тамойиллари, Янги Ўзбекистон ғояси таъсирида мутлақо ўзгача бир даврга қадам қўйдик.
Бугун Навоий асарларини ич-ичидан нурлантириб турган миллий ва диний қадриятлар, тарихий ҳақиқатлар ва тасаввуф фалсафасининг ҳаётий қудратини очиб бериш орқали даҳо шоирнинг ижод иқлимида эгаллаган мавқеини билишга кенг имкон яралди. Янги тадқиқотда ана шу масалаларга ҳам кенг ўрин ажратилади. Айни пайтда матбуотда: газета ва журналларда, оммавий ахборот воситаларида: радио ва телевидение, қолаверса, турли сайтлар, ижтимоий тармоқларда амалга оширилаётган ишларимиз ҳақида маълумотлар ёритилмоқда. Давлат раҳбарининг 2025 йил 7 февралдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили»ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда улуғ мутафаккир шоир фаолияти ва ижодиётини англатиш учун давра суҳбатлари, анжуманлар ташкил қилинмоқда. Ҳар йили 9 февраль куни юртимизда ҳақиқий Навоий байрамини нишонлаш аллақачон урфга кириб улгурди, десак хато бўлмайди. Институтда Алишер Навоий адабий ва илмий меросини ўрганиш масалаларига доир анъанавий конференция ўтказилиши йўлга қўйилган. Анжуманимизнинг ҳам ўзига хос тарихи бор: у ўтган асрнинг 40-йиллари охирида, аниқроғи, даҳо шоирнинг 500 йиллик юбилейи муносабати билан бошланган. 2026 йилгиси – 71-анжуман!
Ўтган йилда институт олимлари томонидан “Жаҳон навоийшунослиги” электрон платформаси яратилгани эса соҳанинг замон билан ҳамнафасликда ривожланаётганига яна бир далил бўла олади. Ушбу платформа ҳозирча 8 тилда: инглиз, француз, немис, рус, хитой, турк, тожик ва озарбайжон тилларида, тест режимида фаолият юритмоқда. Платформадан навоийшуносликка доир янгиликлар, мақолалар, тадқиқотлар, таржималар, таълим дастурлари, видеоматериаллар ва кинофильмлар жой олган. У муттасил равишда тўлдириб, бойитиб борилади. Жаҳон илм аҳлини навоийшуносликдаги янгиликлардан хабардор этиш, улуғ шоир ижодий меросини кенг тарғиб қилиш учун мазкур электрон платформа алоҳида қимматга эгадир. Қолаверса, институт ва Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи билан ҳамкорликда музей қўлёзмалар фондида сақланаётган XIX асрда Қўқон шаҳрида кўчирилган Навоий “Хамса”сининг нодир нусхаси факсимиле нашри амалга оширилгани ва илмий муомалага киритилгани ўзига хос воқелик бўлди. Котиб Мулла Рўзи томонидан кўчирилган мазкур қўлёзма расмлар (48 та расм) билан безатилгани, “Хамса”даги биринчи достон – “Ҳайрат ул-аброр” асари ўрнига “Лисон ут-тайр” достони келтирилгани билан ўзига хосдир. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада ва республикамиздаги кўпгина таълим муассасалари китобнинг тақдимот тадбирлари бўлиб ўтгани эса улуғ шоир ижодий мероси тарғиби борасидаги ишларимизни ҳам далиллайди.
– Алишер Навоий мероси ҳақида кўп гапирилади. Замон шиддат билан ўзгариб бораётган, одамлар китобдан кўра, смартфонлар, бошқа техник воситаларга боғланиб қолган бугунги кунда ушбу мероснинг жозибадорлиги ва аҳамиятини қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?
– Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Темир одам” шеърида шундай мисралар бор:
Ҳаётнинг поёнсиз уммони ичра
Бор шундай ғариблар – темирлар ҳиссиз.
Ва лекин ўзларин темирмас сира,
Муҳтарам инсон, деб атарлар, эсиз...
Шундайлар бўлмаса, азалдан тупроқ
Яшнарди тағин ҳам гўзалу мумтоз,
Темир одам ясаб юргунча, кўпроқ
“Жонли темир”ларни ўйлангиз, устоз.
Аччиқ ҳақиқат! Шундай эмасми? Замон шиддати, давр суръати инсониятни тараққиёт сари рағбатлантириб, янги ва яхши ўзгаришларга замин ҳозирлаши кўнгилга илиқлик улашиши табиий. Техника ривожи жамият истиқболига йўл очиб, турмуш фаровонлиги учун хизмат қилса, бу жуда қувонарли, албатта. Аммо тирикчилик ташвишларидан бошқасини ўйламайдиган, ўзгалар дарду ҳасрати билан сира қизиқмайдиган, биқиқ ва маҳдуд қарашлар таъсиридан чиқа олмаган лоқайду бепарво – “жонли темир”ларнинг юзага келишига сабабчи бўлса, бу ачинарли ҳол.
Аслида, ҳар қандай кашфиётнинг асоси билим ва тафаккурдадир! Улуғ шоир Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳод тилидан “Ҳар ишки қилмиш одамизод, Тафаккур бирла билмиш одамизод”, – деб ёзади. Тафаккурнинг мояси эса китобдир! Бугун турмуш маданиятимизнинг ажралмас қисмига айланган уяли алоқа воситалари – смартфонлар ҳам ақл-заковат эгаларининг ихтироси. Улардан унумли ва ўринли фойдаланилса, қайси соҳа вакили бўлмасин, бу “бир парча матоҳ” унга ёрдамчи, кўмакчи бўлиши аниқ. Турли техник воситалар, жумладан, смартфонлар, улар воситасида ижтимоий тармоқларга ҳаддан ортиқ қарамлик кишининг соғлигига ёмон таъсир кўрсатишидан ташқари, қимматли фурсатларининг беҳуда сарф қилиниши, виртуал оламга ҳаддан ортиқ тобеликка ҳам олиб келиши “кўп ва хўб” айтилмоқда.
Китоблар-чи? Улар маънавият дурдоналари. Китоб варақлашнинг ўзиёқ инсонга ички бир сокинлик – руҳий ҳаловат бағишлайди. Китоб ўқувчини маърифат манзиллари сари ҳеч бир йўқотишларсиз элтади. Ундан ақлга мадад, қалбга фароғат етади. Шу сабабли маънавий етук, ижодий фикрлайдиган, салоҳияти баланд авлодни тарбиялаш, мамлакатимизда китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, қарору фармонлар қабул қилинди. Президентимизнинг “Китоб ўқиган, ўзини устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. Шунинг учун ҳеч кимни писанд қилмайди. “Катталар”га хушомад қилмайди. Унинг билими бор, илми бор. Мана нима учун китоб ўқинглар деймиз. Китоб ўқисангиз савол беришни биласиз”, – деган ҳикматомуз гаплари бу фикрларнинг ёрқин исботидир.
Алишер Навоийнинг улуғвор ва бетакрор қиёфаси ҳам, энг аввало, унинг китобларида акс этади. Улуғ мутафаккирнинг орзу-армонлари, ҳаётий хулосалари, бадиий завқини мушоҳада этиш учун муҳташам адабий меросининг асл сир-синоатларини ўқиб ўрганмоғимиз шарт. Таъбир жоиз бўлса, айтиш керакки, Навоий бизга эмас, аксинча, биз Навоийга муҳтожмиз. У миллатимиз тарихи ва тақдирида ўзлигимизга кўзгу тутиб, маънавиятимиз хазинасини туганмас жавоҳирлар билан тўлдирган беназир зотдир. Барча саволларимизнинг жавоби – Навоийда! Барча эзгу мақсадларимизнинг мазмун-моҳияти ҳам Навоийдадир! Буюк мутафаккирнинг ёзишича, баркамол авлодни вояга етказиш учун болалик чоғлариданоқ тарбияни тўғри йўлга қўйиш керак:
Улча эрур тифлға шойиста иш,
Билки, кичикликда эрур парвариш.
Қатраға чун тарбият этти садаф,
Эл бошиға чиққуча топти шараф.
Умуман, Навоий ижоди – катта ва ҳудудсиз уммон. Унинг нафосати, жозибаси, таровати сўз шукуҳи ва маънавий ҳузуридадир. Бу уммонга шўнғиган ғаввос ўзи истаган, излаган садафу дурни, албатта, топади. Улуғ шоирнинг китоблари эса бизга инсонлик моҳияти, яшаш сир-синоатларидан таълим бериб, ҳамиша қалб уйғоқлигига сергаклантириб туради. Барча имкониятларининг “очқич”и ўзингда, ким эканингни англаб, собит эътиқод ва мустаҳкам ирода ила мақсад сари дадил интилсанг, толе қуёши умр йўлларингни чароғон этиши муқаррар, дейди мутафаккир шоир. “Ўз вужудингга тафаккур айлагил, Ҳар не истарсен ўзингдин истагил”.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.