Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллатимиз бошқа-бошқадир, лекин шу юрт фарзандимиз!
12:09 / 2022-07-30

30 июль – Халқлар дўстлиги куни

Мана иккинчи йилдирки, мамлакатимизда 30 июль - Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу кунни нишонлашдан асосий мақсад эса турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, юртимизда истиқомат қилиб келаётган барча миллатларнинг урф-одатлари ва асрий қадриятларини янада эъзозлашдан иборат.

Бугунги кунда биргина “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖда 46 минг 600 нафардан ортиқ ишчи-ходим ишлаётган бўлса, улар 40 га яқин турли миллат ва элат вакилларидир. Жумладан, улар орасида 2915 нафар қозоқ, 1136 нафар рус, 559 нафар қорақалпоқ, 518 нафар татар, 246 нафар туркман, 106 нафар украин, 44 нафар араб, 22 нафар немис ва бошқа миллат вакиллари бор. Мухбиримиз 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан турли миллат вакиллари билан суҳбатда бўлди:

Оксана СИМ, 2-гидрометаллургия заводи бўлим бошлиғи:

– Мен корейс қизи бўлсам-да, лекин она Ватаним – Ўзбекистон! Болалигимдан қозоқ, ўзбек, тожик, татар ва бошқа миллат вакиллари билан биргаликда улғайдим, мактабда бир партада ўтириб билим олдим. Мен ишлаётган заводда ҳам турли миллат вакиллари ҳамжиҳатликда бир оила бўлиб ишлаб келмоқда. Ишим, танлаган касбим ва ишхонам менга жуда ёқади. Миллатлараро дўстлик, инсон қадри эъзозланган юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.

Андрей ПЕШКОВ, 2-гидрометаллургия заводи бош энергетиги ўринбосари:

– Заводда 30 га яқин миллат вакиллари бир оила бўлиб ишлаб келяпмиз. Бу, албатта, кўп миллатли жамоа эканлигимизни кўрсатади. Барчамизга тенг ва бир хил имкониятлар яратилган. Мана 28 йилдирки тизимда меҳнат қилиб келяпман. Миллатлараро ҳамжиҳатлик ҳукм сураётган жамоамизда, меҳр-оқибатли одамлар орасида ишлаш мен учун шараф. Шу боис бўлса керак, доимо юксак масъулият ҳис этган ҳолда севимли ишхонамга ошиқаман.

Чингиз ТАХМАЗОВ, “Алпомиш” спорт мажмуаси мураббийи:

– 24 йилдан буён самбо бўйича мураббий, спорт устаси ва халқаро ҳакам сифатида фаолият олиб бориш билан бир қаторда, юзлаб чемпионларни тарбиялаганимдан бахтиёрман. Озар эли фарзанди бўлсам-да, лекин шу табаррук заминда яшаб, фаровон ҳаёт кечириб, ҳалол меҳнатим ортидан фарзандларимни элга қўшдим, шогирдлар етиштирдим, кўплаб ютуқларга эришдим. Мен шу буюк мамлакат фуқароси эканлигимдан фахрланаман.

ЎзА мухбири Абдували Бўриев ёзиб олди.