French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллатга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик
10:51 / 2026-01-25

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” эзгу тамойилини амалга ошириш, фуқароларнинг бахтиёр ва фаровон умр кечириши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, айниқса, тўғри йўлдан адашганларнинг ҳаётини ўнглашга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда.

Конституция куни муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармон жамиятда инсон қадрини улуғлаш, адолат ва кечиримлик тамойилларини қарор топтиришда муҳим омил бўлиб, халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат каби олийжаноб фазилатларнинг ёрқин ифодасидир.

Мазкур фармон ижроси доирасида Наманган вилоятидан афв этилган 37 нафар маҳкум ўз оиласи ва яқинлари бағрига қайтди. Уларнинг 27 нафари жазони ижро этиш муассасасидан бўшатилган ҳамда 10 нафари эса ички ишлар органининг пробация ҳисобида жазо ўташдан озод этилган. Афв этилган шахслардан 20 нафари профилактик ва 17 нафари пробация ҳисобига олинди. 

Афв қилинган 27 нафар шахснинг ҳар бирига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан бир марталик моддий ёрдам пуллари берилди ҳамда ҳудудий тиббиёт бирлашмаларига қарашли шифо масканларида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 

– Давлатимиз раҳбарининг афв этишга қаратилган фармони маҳкумларга ўз оиласига ва жамиятга қайтиб, бундан буён Ватанимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш имкониятини бермоқда, – дейди Наманган вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бошқармаси катта инспектори, майор Аброр Жабборов. – Жумладан, оилалар бағрига қайтарилганлар орасида пробация рўйхатида турган барча шахсларнинг бандлиги таъминланди. Уларга ўзлари қизиққан ёки танлаган соҳалари бўйича корхона ва ташкилотларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.

Улар орасида тадбиркорлик қилиш истагини билдирганларга кичик бизнес ва ҳунармандчиликни йўлга қўйиш учун дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети берилди. Натижада, саккиз нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлашига амалий кўмак берилди. Қолаверса, жазодан озод этилган 35 кишининг доимий бандлиги таъминланди. Уларнинг тўққиз нафарига бизнес ғоялари асосида тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва меъморчилик йўналишларини йўлга қўйиши учун 12 миллион 700 минг сўм миқдорида маблағ ажратилди. 

Жазодан қайтганлар орасида фуқаролик паспортига эга бўлмаган, Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Чуст туманларида яшаш жойларида рўйхатга олинган олти нафар шахсга вилоят ички ишлар органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи “ID” карта ҳужжатлари расмийлаштирилди. Оиласида иқтисодий ҳолати яхши бўлмаган, кам таъминланган тоифада турувчи тўққиз кишига маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар томонидан кундалик рўзғор учун озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим қилинди.

Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши биносида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов бошчилигида ташкил этилган сайёр қабулда вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратураси масъул ходимлари ҳамда тегишли ташкилот вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика ва пробация инспекторлари иштирок этди. Унда жазодан қайтганлар билан якка тартибда суҳбат ўтказилиб, ушбу мулоқотларда уларнинг бандлигини таъминлаш, соғлигини тиклаш, ижтимоий муҳитга мослашув ва мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. 

– Ҳаётда пасту баланди йўллар бор. Гоҳида қандай яшаш ўзимизга боғлиқ деймизу, билиб-билмасдан хатога ҳам йўл қўямиз, – дейди Наманган шаҳрида яшовчи Илҳомжон Адҳамов. – Юртбошимизнинг фармони биз каби йўлдан адашган, қилмиши оқибатини ўйламасдан жиноят йўлига кириб, чин кўнгилдан пушаймон бўлганларга чинакам ғамхўрлик ва катта имконият бўлди. Сайёр қабулда маҳкумлик пайтимда юзага келган муаммоларим ижобий ҳал этилганидан хурсандман. Тегишли мутасаддилар ва “маҳалла еттилиги” вакиллари билан суҳбатдан кейин ўқишим қайта тикланди. Иш билан ҳам таъминландим.  Бундай эътиборга жавобан келгусида фақат ҳалол меҳнат қилиб, билдирилган ишончни, албатта, оқлайман.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.