Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллатга таянч бўлиш илинжида ёнганлар
16:45 / 2025-09-02

Ўтган асрнинг 20-30-йиллари ўлкамиз тарихи саҳифаларида қора доғлар қолдирган, миллатдошларимиз бошига аянчли кулфатларни ёғдирган давр сифатида муҳрланиб қолди. Қатағон сиёсати авж олган бу давр миллатнинг маърифатли бўлиши, Ватаннинг ҳурлиги йўлида куйиб-пишган қанчадан-қанча юртдошларимизнинг умрига зомин бўлди.

Юз мингдан ортиқ ватандошимиз “халқ душмани” деган ноҳақ айблов билан қатағон қилинган, сургун қилинган, қамоққа олиниб, турли азоб-уқубатларга дучор этилган. Уларнинг айби миллатини уйғотиш йўлида қилган ҳаракати, жамият равнақини истагани, адолатсизликларга қарши курашгани эди...  

Сўнгги йилларда қатағонга учраган ота-боболаримиз, жадидчилик ҳаракатининг пешволари, юрт озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган миллатдошларимизнинг фаолиятини ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Уларнинг қора рўйхатлардаги номини оқлаш, миллат равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларини бугунги ва келгуси авлодларга рўй-рост етказишга қаратилган амалий ишлар қилинмоқда.

Бу давр тарихининг тадқиқотчиларидан бири, пойтахтимиздаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи бош илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг шогирдларидан бўлган Собир Қодирий ва Мусаев Шоҳид Эсон фаолияти ва тақдири ҳақида гапириб берди:

— Сиёсий мустақиллик учун курашган, миллат равнақи йўлида жонини фидо қилган боболаримизнинг фаолиятини, меросини ўрганиш ва ёш авлодга етказиш бизнинг олдимизда турган муҳим вазифалардан. Афсуски, кўплаб жадид намояндалари ҳақида ҳамон жуда кам ахборотга эгамиз. Албатта, бу биздан жиддий тадқиқотларни талаб қилади.

Масалан, Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг шогирдлари бўлган, унинг илмий жамоасини юзага келтирган, илмий-ижодий, педагогик фаолияти билан миллат маърифати ривожига ҳисса қўшиш илинжида ҳаракат қилган кўплаб маърифатпарварларнинг фаолиятини кенг ўрганишимиз лозим.  

Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ана шундай бевосита шогирдларидан бири Собир Қодирий бўлиб, у 1900 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Аввалига Мунаввар қорининг ибтидоий мактабида, сўнг “Намуна”да ўқиган. 1918-20 йилларда Тошкентда биринчи босқич ибтидоий мактабида ўқитувчи, сўнг мудир вазифаларида ишлаган.  

1920-23 йиллар Тошкент муаллимлар институтида ўқиди. 1923-24 йилларда Москвадаги педагогик курсларни ўқиб келган. 1924-27 йилларда Тошкент муаллимлар институтининг директори, 1927 йилдан Самарқандда НКП профоброзованияда бўлим мудири бўлди. 1929 йил апрелдан ЎзССР Маориф комиссари бўлиб фаолият олиб бора бошлайди. Бироқ, 1929 йил июль ойида ишдан четлатилиб, қамоққа олинади.

Мунаввар қорининг яна бир шогирди Мусаев Шоҳид Эсон 1884 йил Тошкентда оддий ҳунарманд оиласида дунёга келган. Эски мактаб ва мадраса таълимидан сўнг Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ёнига кириб, бевосита унинг раҳбарлиги остида ибтидоий мактабида дарс бера бошлайди. 

Шоҳид Эсон олий таълимни давом эттириш мақсадида 1917-1922 йилларда Туркияда бўлиб, Истанбул университетининг педагогика факультетини битириб қайтади. Туркиядан қайтгач, дастлаб Тошкент вилояти муаллимлар билим юртида ишлаб, “Кўмак” ва “Нашри маориф” ташкилотлари тадбирларида фаол иштирок этди. 1926 йилдан “Навоий” мактабида дарс бера бошлайди.

Аммо Шоҳид Эсон Мусаевга қарши совет матбуотида уни миллатчиликда айблаб бир нечта мақолалар босилади. У муаллимлик фаолиятини умуман ташлаб, Тошкент шаҳар кутубхонасида ишлай бошлайди. Бироқ, шунда ҳам Шоҳид Эсонни тинч қўйишмайди. У 1928 йил 12 ноябрда “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзоси сифатида қамоққа олинади, — дейди тарихчи олим Б.Ирзаев.  

Дарҳақиқат, номлари келтирилган бу каби инсонларнинг барчаси ўзининг илмий, ижодий ва педагогик фаолияти билан маърифатпарварлик йўлида, миллатига таянч бўлиш илинжида ҳаракат қилишган. Уларнинг фидойилиги, ватанпарварлиги, қаҳрамонлиги ҳар бир юртдошимизга, айниқса, ёшларимизга намуна бўла олади.  

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.

ЎзА