Гулистонда бўлиб ўтаётган учинчи Халқаро бахшичилик санъати фестивалида дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатидан бахшилар, оқинлар, фольклоршунос олимлар, соҳа мутахассислари қатнашмоқда.
Қорёғди Сариев фестивалга қардош Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳридан келган. У туркман элининг таниқли ва севимли бахшиси ҳисобланади. Бахшининг санъати ўз элида юксак қадр топиб, Туркманистон Президентининг фармонига кўра, 2011 йилда Туркманистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.

Қ.Сариев хозирги кунда Туркманистон миллий консерваториясида бахшичилик кафедраси мудири бўлиб ишлайди. Унинг ота-боболари ҳам таниқли бахшилар бўлиб Туркманистон санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган. Туркманистонда бахшичиликнинг асосан Тошҳовуз ва Мари йўналиши шаклланган. Қорёғди бахши Мари йўналишида ижод қилади.
Фестивалда туркман бахшиси "Султон сўйи Бойқаро" достони билан қатнашмоқда.

–Дунёнинг кўп мамлакатларида бўлиб, халқаро танловларда иштирок этганман. Қардош Ўзбекистонга келиш орзуим эди, – дейди у. – Мана орзуим ижобат бўлиб Ўзбекистонга келдим. Гўзал Тошкентни кўрдим, бир неча кундан буён Гулистон шаҳридамиз. Биласизми, Ўзбекистонда умуман ётсирамадим. Худди ўзимнинг ватанимда юргандек бўлдим. Тили, дини, турмуш тарзи бир хил меҳмондўст қардош ўзбек халқига янаям ҳурматим ошди. Гулистон шаҳрида ҳам туркман биродарларимни учратдим. Уларнинг Ўзбекистонда бахтли-саодатли умр кечираётганлигини юз-кўзларидан сездим. Улар мени либосимдан, чўгирмамдан дарров таниб қолаяпти. Ашхободга қайтганингизда Ўзбекистондаги туркман биродарларингиздан салом денг, деганларида кўзларимга ёш келди. Мен уларга саломингизни албатта етказаман, деб ваъда бердим.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири