Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллат ватанпарварлари: жадидларнинг маърифатпарварликдан сиёсатга қадар йўли...
14:33 / 2023-12-12

Маърифатпарварларнинг таълим ва ёшлар тарбиясига доир қарашлари, илмий асарлари ҳамиша диққат марказимизда бўлиб келган. Хусусан, Туркистонда жадидлар ҳаракати, маърифий ва сиёсий қарашлари остида халқ умидлари акс этган эди.

Хўш, илғор зиёлилар ўз мақсадлари сари қандай йўлларни босиб ўтди? Бу борада тарих фанлари номзоди, доцент Нодира Расулова ўз фикрларини билдирди.

– XIX аср охири – XX аср бошларида жадидлар ҳаракати Туркистонда маънавий-маърифий, сиёсий қарашларнинг шаклланишида  алоҳида аҳамият касб этди. 

ХХ аср бошларида Ўзбекистон халқининг мустақилликка, миллий давлатчиликни тиклашга, ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллашга интилиши ниҳоятда кескин тус олди. 

Ушбу даврда ўз халқини чет эл босқинчиларига қарши курашга сафарбар эта оладиган, озодлик ҳаракатларига раҳнамолик қилувчи, халқнинг истак ва манфаатларига, ҳис-туйғу ва эътиқодига мос келувчи давлат ва ҳуқуқ тузилмаларини яратишни ўзларининг асосий мақсади деб билган сиёсий партиялар вужудга келди. 

Шу тарзда маърифатпарварликдан аста-секин сиёсий ҳаракатлар етакчисига айланган зиёлиларнинг янги бир авлоди шаклланди. 

1914 йилда бошланган биринчи жаҳон уруши маърифатпарварларнинг фикрларини анча сиёсийлаштирди. 

Бу вақтга келиб улар парламентар монархия тузуми ҳақида ёздилар, фуқароларнинг давлат органларини шакллантиришда, қонунчилик жараёнида, давлатни идора қилишда иштирок этиш йўллари ва усулларини ишлаб чиқишга уриндилар. 

Хусусан, Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудҳўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдурауф Фитрат каби жадидларимизнинг ғоялари халқни ўзлигини англашга тайёрлаш ва шу йўл билан миллий озодликка эришишини таъминлашдан иборат бўлди. 

Уларнинг ижодида, сиёсий фаолиятида миллий мафкура илдиз ота бошлади. Жадидчилик ижтимоий-сиёсий ҳаракат сифатида 1915 йилдан бошлаб маърифатчиликдан сиёсатга қараб йўл тутди.

Ўзбек халқининг илғор зиёлилари Туркистондаги идора усули, демократия, бошқарув шакллари, давлатчилик назарияси ва амалиёти билан фаол шуғулландилар.

Айниқса, 1917 йилги Октябрь тўнтариши Туркистон ўлкаси халқларида мустамлакачилик зулмидан қутулиш умидини уйғотди ҳамда маҳаллий аҳоли ўлкада мустақил, демократик Туркистон республикасини тузиш мақсадида сиёсий жараёнларда фаол иштирок эта бошлади. 

Бироқ большевиклар томонидан миллий озодлик ҳаракати қувғин қилиниб, сиёсий партиялар қатағон этилди ва оқибатда миллат ватанпарварларига озор берилди.

Туркистон, Бухоро ва Хивадаги жадидлар юрт мустақиллиги учун кураш, уни ўрта асрларга хос қолоқлик ва диний хурофотдан озод этиш, шариатни ислоҳ қилиш, Туркистонда мухторият ҳукуматини барпо этиш учун курашдилар.

Шунингдек, Бухоро ва Хивада конституциявий монархия ва парламент, кейинчалик демократик республика тузумини ўрнатиш орқали озод жамият қуриш, барқарор миллий валютани жорий этиш ва миллий қўшин тузиш каби қатор мақсадларни қўйган эди. 

Дадил фикрлар билан майдонга чиққанлар

Маълумки, Туркистон ўлкасидагига нисбатан оғир ижтимоий-сиёсий шароитда юзага келган Бухоро амирлигидаги Ёш бухороликлар партияси (фирқаси) дастлаб “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) номи билан махфий жамият шаклида тузилган.

Ушбу партия 1910-20-йилларда “Ёш бухороликлар” деб аталган. Унга тараққийпарвар зиёлилар, савдогар ва шаҳарнинг камбағал вакиллари кирган. 

Улар аввало мавжуд амирликда демократик ислоҳотлар ўтказиш, конституциявий монархия ўрнатиш орқали амирнинг мутлақ ҳокимиятини чеклаш тарафдори бўлишган.

Хусусан, Абдулвоҳид Бурҳонов, Мукаммил Бурҳонов, Садриддин Айний, Усмонхўжа Пўлатхўжаев (Усмон Хўжа), Отаулла Хўжаев, Аҳмаджон Ҳамдий (Абусаидов), Ҳомидхўжа Меҳрий, Муса Саиджонов ва Мирзо Сирож Ҳакимлар Ёш бухороликларнинг дастлабки ташкилотчилари эди. 

Кейинчалик мазкур партия фаолиятида Фитрат, Файзулла Хўжаев ва Муҳиддин Мансуров катта роль ўйнаган.

Ёш бухороликлар 1914 йилдан, Ёш хиваликлар эса 1916 йилдан бошлаб маърифатчиликдан сиёсат соҳасига ўтган. Улар якка бошқарувга асосланган хонлик тузумларини дастлаб ислоҳ қилиш, кейинчалик республика тузуми билан алмаштириш тўғрисида дадил фикрлар билан майдонга чиққанлар. 

Партиянинг фаоллари кимлар эди?

XX аср биринчи чорагида (1914-1921 йиллар) Хоразм ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаган, истиқлол ва тараққиёт учун кураш олиб борган ягона куч Ёш хиваликлар фирқаси эди. 

Ушбу партияга 1914 йил августда Полвонниёз ҳожи Юсупов асос солган бўлиб, унинг сафида миллий зиёлилар, деҳқон, ҳунарманд, савдогар ва Ислом уламолари ҳамда давлатнинг айрим амалдорлари бирлашган. 

Хусусан, Жуманиёз Бобониёзов, Бобожон Ёқубов, Жуманиёз Султонмуродов, Назир Шоликоров, Султонқори Жуманиёзов, Худойберган Девонов, Ҳусайнбек девонбеги Матмуродов, Муҳаммадёрхўжа Абдуллаев каби ватанпарварлар партиянинг фаоллари бўлган.

Ушбу партиянинг эълон қилинган дастурида ҳам хон ҳокимиятини чеклайдиган ислоҳотлар ўтказиш, мамлакатда конституциявий монархия ўрнатиш, халқни маърифатли қилиш каби мақсадлар белгилаб олинган. 

1917 йил Февраль инқилобидан сўнг Ёш хиваликлар Рус подшоси истибдоди билан уйғунлашган мустабид хон зулми, мутаассиблик, хурофот, турли хил солиқларнинг кўплигидан азобланаётган халқни эркин ва фаровон турмушга олиб чиқиш йўлида ислоҳотлар ўтказиш, мамлакатда фаровон ҳаётни йўлга қўйиш учун хон ҳокимиятига мухолиф бўлдилар. 

Ўша йилнинг кузида хон тарафдорлари томонидан Ёш хиваликлар қаттиқ қаршиликка учради. Улар динсизликда айбландилар. Полвонниёз ҳожи Юсупов, Назир Шоликоровлар суд қилинди ва Ёш хиваликларнинг баъзи аъзолари қамоққа олинди. 

Қолган кўпчилиги аскарлар казармасидан паноҳ топишди. Ёш хиваликлар 1917 йил охирларида яширин фаолият олиб боришга мажбур бўлади. Ўша йили 30 декабрда улар Туркистон ўлкаси ХКСга мурожаат қиладилар ва ўзларини Ёш хивалик социал инқилобчилар, деб атайдилар. Худди шундай ном остида кейинчалик Туркистон Совет Республикаси МИҚга Хивадаги аҳвол тўғрисида доклад топширдилар.

1918 йил 5 июнда Ёш хиваликлар инқилобий партияси ўз дастури, тузилиши, муҳрига эга бўлган расмий ташкилот сифатида тўлиқ шаклланди. Июль ойида ўз дастурини ишлаб чиқди. Шу тарзда улар ўзларини Хива инқилобий партияси, деб атаганлар ҳамда “Манифест” тарзида партия дастурини ишлаб чиққанлар. 

Дастурнинг аниқлаштирилган 12 моддадан иборат варианти “Хива инқилобчилар партиясининг яқин вазифалари” номи билан 1920 йил 8 январда Тошкентдаги “Известия” газетасида босиб чиқарилди.

Тадқиқотчилар – О. Қўшжонов ва Н. Полвонов Ёш хиваликлар ҳаракати 1904-1905 йилларда ҳамфикрлар, 1910 йил бошларида манфаатлар гуруҳи сифатида шаклланганини, 1917 йилда амалдорлар, маърифатли бойлар, миллий буржуазия ва зиёлиларнинг Хива хонига мухолифатдаги сиёсий куч бўлганини, 1918 йилда эса расмий сиёсий партия сифатида юзага чиққанини таъкидлайди.

XX аср бошларида Туркистонда шаклланган “Шўрои уламо”, “Шўрои исломия”, “Алаш ўрда”, “Турк Адами Марказият”, “Миллий иттиҳод”, “Миллий истиқлол” каби партиялар ўз сиёсий дастурларида давлатни иқтисодий, ижтимоий, маданий ривожлантириш давлатчилик тузилмаларини шакллантириш, эскиларини ислоҳ этиш, даврга мос давлат органлари тизимини вужудга келтириш йўлидан боришди.

Шунингдек, халқнинг давлат фаолиятида иштирок этишига шарт-шароит яратиш, миллий ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш масалаларини ҳал қилишга уриндилар ва муайян даражада буни уддалашди ҳам.

Аммо шўро даврида ҳукмронлик қилган кучлар томонидан мазкур партиялар ва дастурлари эътиборга олинмай, уларнинг моҳияти “умумхалқ манфаатига душман”, “аксилинқилобий”, “бой ва феодалларнинг манфаатига хизмат қилувчи” ҳаракат сифатида атайин бузиб кўрсатилди.

Шундай қилиб, XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда, Бухоро амирлиги ҳамда Хива хонлигида сиёсий ҳаракат ва партияларнинг вужудга келишига Чор Россияси ҳукумати ва маҳаллий маъмурларнинг ўлка халқларига ўтказаётган зулмининг тобора ортиб бориши, иқтисодий қолоқлик, инқироз ва аҳоли турмуш даражасининг пасайиши сабаб бўлди.

Тадқиқотчиларга кўра, Туркистон, Бухоро, Хоразм маърифатпарварларининг йўли бир хил бўлмаган, ҳар бири ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турган. 

Лекин уларнинг барчасидаги концептуал ғоялар бугунги буюк ўзгаришларнинг маънавий асоси бўлиб, кенг қамровли ислоҳотлар йўналиши ва айни давр ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясининг наслий ўзаги сифатида хизмат қилмоқда.

Сиёсий ҳаракат ва партиялар дастлаб жадидлар томонидан маърифий, иқтисодий ғояларни илгари сурувчи сифатида фаолият бошлаган бўлса, Россияда 1917 йил февраль ойида юз берган воқеалардан сўнг мустақиллик ғояларини ёқлаб, фаол ҳаракатга тушган эдилар. Аммо, афсуски, мазкур партияларнинг фаолияти ўлкада якка партиявийлик тизими ўрнатилиши билан тугатилди.

Аждодлар маърифат йўли ҳақида ўйлар эканмиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “…Биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”, деган сўзлари ватанпарвар зиёлиларимизга эҳтиромни янада оширади.

 

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА