Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Миллат саломатлиги – юрт қудрати!” шиори остида саломатлик акцияси ўтказилди
13:28 / 2025-10-18

Сирдарё вилоятида хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва онкологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида O‘zLiDeP вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Саломатлик сари” лойиҳаси доирасида саломатлик акцияси ўтказилди. Тадбир “Миллат саломатлиги – юрт қудрати!” шиори остида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали, унинг Сирдарё туманлараро перинатал бўлимида бўлиб ўтди.

Акция доирасида 200 нафардан ортиқ аёллар колпоскопия усули орқали скрининг текширувларидан ўтказилиб, бачадон бўйни саратон касаллиги хавфи аниқланди. Шунингдек, иштирокчиларга соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва мунтазам профилактик кўрикдан ўтишнинг аҳамияти ҳақида тушунтиришлар берилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулшана Худоёрова ва Гавҳар Олимова, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши ва Ижроия қўмитаси бўлим мудири Севара Муслимова, партиянинг Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева ҳамда партия фаоллари иштирок этишди.

–  Бу каби бепул тиббий кўриклар нафақат шаҳарларда, балки чекка ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда, –   деди депутат Гулшана Худоёрова. –   Лойиҳанинг асосий мақсади — хотин-қизлар соғлиғини муҳофаза қилиш, онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва аҳоли орасида тиббий маданиятни оширишдан иборат. “Саломат аёл — соғлом оила, соғлом жамият” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда бундай тадбирлар беқиёс аҳамиятга эга.

Олий тоифали акушер-гинеколог Шоҳида Абдураззоқова ҳам онкологик касалликларни барвақт аниқлашнинг аҳамиятини таъкидлаб, ҳар бир аёл йилига камида бир марта профилактик кўрикдан ўтиши зарурлигини қайд этди.

Акцияда иштирок этган маҳалла фаоли Нодира Қодирова ўз таассуротларини шундай баён этди:

–  Илгари шифокорга бориш имкониятим йўқ эди. Бугун бепул кўрикдан ўтдим, маслаҳат олдим. Бу ғамхўрлик биз аёллар учун катта ёрдам бўлди.

Бундай тадбирлар аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш орқали жамият саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири