Жорий йилнинг 24 февраль куни мамлакатимиз ҳаётида ёшлар сиёсатига доир мутлақо янги босқич бошланди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонимизнинг фаол, ташаббускор ва изланувчан ёшлари билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди. Бу шунчаки учрашув эмас, балки давлат ва ёшлар ўртасидаги ишончли кўприкни янада мустаҳкамлаган тарихий мулоқот бўлди.
Давлат раҳбари мулоқот давомида: “Ёшлар билан ишлаш — бу алоҳида вазифа эмас, бу ҳар бир раҳбарнинг кундалик бурчи бўлиши шарт”, деб қатъий таъкидлади.
Ана шу учрашувда “Пайшанба — ёшлар куни” деб белгиланиб, ҳар бир раҳбар ҳафтанинг муайян кунини айнан ёшлар муаммоларига бағишлаши лозимлиги аниқ вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу қарор — ёшлар билан ишлашни мавсумий тадбир эмас, балки тизимли давлат сиёсати даражасига кўтарган муҳим қадамдир.
Президентимиз мулоқотда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча имкониятларни сафарбар этиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини алоҳида қайд этди. Бу фикрлар ҳар бир раҳбар зиммасига юксак масъулият юклайди.

Ана шу юксак талаб ва масъулият руҳи Арнасой туманидаги учрашувда амалда ўз ифодасини топди. Мусиқа ва санъат мактаби биносида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майёр Ғайрат Қодиров ҳамда Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда “Ғолиблар”, "Ғафур Ғулом", "Бобур" ва “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғинлари ёшлари иштирок этишди.
Мулоқот расмиятчилик доирасида эмас, амалий ва очиқ руҳда кечди. Президент учрашувидан катта руҳий куч ва ишонч олган арнасойлик йигит-қизлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, ер ажратиш, иш билан таъминланиш, таълим олиш ва хорижда ўқиш имкониятлари юзасидан саволлар беришди, шу билан бирга, ўз таклифларини ҳам билдиришди. Айримлар ўз стартап лойиҳаларини тақдим этди, бошқалар касб-ҳунар ўрганиш ва бандлик масалаларини кўтарди.
Энг муҳими, ҳар бир мурожаат масъуллар томонидан атрофлича тингланди. Муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ муддат ва ижрочилар белгиланди. Қатор масалалар жойидаёқ ижобий ҳал этилди, қолган мурожаатлар ижро назоратига олинди. Бу — Президент белгилаб берган “эшитиш — тушуниш — амалий ҳал этиш” тамойилининг жойларда тўла қарор топаётганининг яққол ифодасидир.
Давлатимиз раҳбари 24 февраль куни бўлиб ўтган мулоқотда: “Ёшлар муаммоси кечга қолдириладиган масала эмас. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турибди” дея алоҳида урғу берган эди.
Арнасойдаги учрашув айнан шу руҳ ва талаб асосида ташкил этилди. Бу ерда ёшлар ўзларини тингланадиган, қўллаб-қувватланадиган ва ишонч билдириладиган куч сифатида ҳис қилишди. Раҳбарлар эса масъулиятни чуқур англаган ҳолда ҳар бир мурожаатга жиддий ёндашишди.
“Пайшанба — ёшлар куни” ташаббуси эндиликда барча ҳудудларда раҳбар фаолиятининг ажралмас қисмига айланиши зарур. Чунки ёшлар билан мулоқот — бу фақат учрашув эмас, бу миллат келажаги билан юзма-юз суҳбатдир. Арнасой туманидаги очиқ ва амалий мулоқот ушбу ташаббусни бутун республика учун ибрат даражасида намоён этди.
Зеро, ёшларга эътибор — бу келажакка сармоядир. Ёшлар билан самимий ва очиқ мулоқотлар эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг мустаҳкам пойдеворидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари