Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллат генофондини асрашга қаратилган ҳаётий вазифалар
15:18 / 2025-06-12

Ҳар бир мамлакатнинг энг асосий бойлиги унинг фуқароларидир. Аҳолининг саломатлиги эса энг муҳим жиҳат.

Чунки соғлом миллат, бақувват, куч ва ғайратга тўла халқ кўзланган марраларга эришишда қанот бўла олади. Бугунги соғлом авлод миллат бардавомлигини, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга қодир бўлади. Шундай экан, ҳар бир давлат ўз аҳолисининг саломатлигига ғамхўрлик қилишни энг биринчи галдаги вазифаси деб билади.  

Бу борада юртимизда ҳам аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, келажак авлоднинг баркамол, куч-қувватга тўла бўлиб улғайиши учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Аҳолига сифатли ва тезкор тиббий хизмат кўрсатиш, бирламчи тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳага оид ҳуқуқий асослар такомиллаштирилиб, муайян дастурлар қабул қилинмоқда. Улар асосида тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, замон талаблари даражасига етказиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Соҳага ажратилаётган бюджет маблағлари ҳажми йилдан-йилга кўпайтириб борилаяпти.  

Ҳар йилги Давлат дастурларида тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилади. Жорий йилги "Ўзбекистон — 2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган касалликларни барвақт аниқлаш ва улар билан касалланиш ҳолатларини кескин камайтириш, касаллик аниқланган фуқароларни индивидуал соғломлаштириш чораларини кўриш, оналар ва болалар ўлимини қисқартириш, соғлом болаликни таъминлаш каби қатор йўналишларда аниқ чоралар белгилаб қўйилди.  

Хусусан, Давлат дастурида 18 — 40 ёшли 12,7 миллион нафар аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 7,1 миллион нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида энг кўп учрайдиган юрак-қон томир, қандли диабет, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари хавфини аниқлаш мақсадида профилактик кўрикларни ўтказиш вазифалари ўз ифодасини топган.  

Шунингдек, бошқарилувчи юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида профилактик эмлаш тадбирларини изчил амалга ошириш белгиланган бўлиб, бу борада 5,6 млн. нафар болани 13 турдаги вакцина билан бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш чоралари кўзда тутилган.  

Бундан ташқари, хавф гуруҳига мансуб бўлган аҳолини онкологик касалликлар бўйича скрининг текширувларидан ўтказиш бўйича ҳам бир қатор аниқ вазифалар ўз аксини топган.  

Таъкидлаш лозимки, Давлат дастурида аҳоли саломатлигини асраш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича ифодаланган вазифалар миллат генофондини асраш, аҳоли вакилларини турли касалликлардан ҳимоя қилиш, соғлом ва баркамол авлод бардавомлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда жойларда, тиббиёт муассасаларида дастуриламал ҳужжатда белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш, уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса мамлакатимиз аҳолисининг саломатлигини сақлашга замин бўлади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА