Ватанимиз мустақиллиги ва халқимиз тинчлиги йўлида жонини фидо қилган баҳодир ўғлонлар — чинакам миллат фидойиларининг хотираси юртимизда эъзозланмоқда.
Ғалаба боғидаги "Миллат фидойилари" хиёбони. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу ёдгорлик мажмуаси мустақиллик йилларида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг мангу хотирасига бағишланган.
Бу муқаддас масканда зарҳал ҳарфлар билан муҳрланган 196 нафар фидойининг номи битилган. Улар юртда хавф туғилганда, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, Ватан ҳимоясига отланган, жасорат ва садоқат намунаси бўлган инсонлардир. Уларнинг Ватанга бўлган муҳаббати, садоқати ва қаҳрамонлиги кўплаб асарларга, шеър ва қўшиқларга, фильмларга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу нафақат тарихий ҳақиқат, балки ёш авлод учун ибрат ва тарбиявий манбадир. Шу боис Президентимиз ижодкорлар, адиблар ва зиёлиларга бу борада масъулиятли вазифани юклади. У фидойи қаҳрамонларимиз ҳаёти ва уларнинг оилалари ҳақида яратиладиган бадиий асарлар миллий ўзликни англаш, ғурур ва маънавиятни мустаҳкамлаш, халқни бирлаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги, Кинематография агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ушбу масканда ўтказилган адабий-маърифий тадбир ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилди.

Тадбир давомида ҳозирги таҳликали замонда тинчликнинг қадрига етиш, Ватан ҳимоясига маънан ва руҳан тайёр туриш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Бу борада зиёлилар, ижодкорлар фаол бўлиши, мард юртдошларимиз жасорати ҳақида ибратли асарлар яратиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, хиёбоннинг бош ғоясини кенг тарғиб этиш ва миллий қаҳрамонларимиз ҳаётига бағишланган юксак бадиий савиядаги асарлар яратишга қаратилган йигирма банддан иборат йиллик дастур қабул қилинди. Бу йўналишдаги ижодий ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Бир сўз билан айтганда, миллат фидойиларининг мардлиги, садоқати ва жасорати ҳақида кўплаб асарлар яратилади, шеърлар ёзилади, қўшиқлар куйланади. Улар орқали чинакам ватанпарварлик ва фидойилик ғоялари кенг тарғиб қилинади.
Сарвар Акрамов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Ахборот хизмати бош мутахассиси