Мудофаа вазирлигига қарашли Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги ҳарбий қисмда Ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган мард ўғлонлар хотирасига бағишланган “Миллат фидойилари” номли китоб альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Йиғилиш аввалида жонкуяр фарзанд — сирдарёлик Эломон Отажонов хотираси ёдга олинди. Унинг жасорат билан кечган қисқа, аммо мазмунли умри, Ватанга садоқати ёшлар учун ибрат сифатида тилга олинди.

“Миллат фидойилари” асари Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида тайёрланган бўлиб, унда юрт ҳимояси йўлида ҳалок бўлган 23 нафар аскар ва зобит ҳақида ҳикоя қилинади. Китоб альбомда уларнинг болалиги, хизмат йўли, жасорати ва хотирасини абадийлаштиришга хизмат қиладиган хотира лавҳалари ўрин олган.

Тақдимотда сўзга чиққанлар бу асар ёшларда Ватанга муҳаббат, жасорат ва масъулият туйғуларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар учун бу китоб руҳий-маънавий қувват манбаи экани қайд этилди.

Маросим якунлангач, “Миллат фидойилари” китоб альбоми Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими томонидан ҳарбий қисм кутубхонасига совға қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири