Атоқли адиб ва драматург, устоз ижодкор Шароф Бошбеков асарлари китобхонни виждон уйғоқлигига даъват этиши, борлиққа мудом ҳушёр нигоҳ билан назар ташлаш, ўз-ўзини беаёв тафтиш этишга ундаши билан қимматли.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистoн Республикасида xизмат кўрсатган маданият xoдими, «Меҳнат шуҳрати» oрдени сoҳиби, атоқли драматург ва ёзувчи Шарoф Бoшбекoв таваллудининг 75 йиллигига бағишланган xoтира кечаси бўлиб ўтди.
Анжуман аввалида ижодкор хотирасига ҳурмат кўрсатилиб, у мангу макон топган табаррук маскан зиёрат этилди. Қуръон тиловат қилинди.

Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган маърифий анжуманда устоз Шароф Бошбеков ижоди хусусида батафсил фикр юритилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Шароф Бошбеков таваллудига бағишланган адабий тадбирлар мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида бўлиб ўтиши кўзда тутилаётгани, устоз ижодкорнинг асарлари адолат, ҳақиқат, жасорат, миллат камолотига хизмат қилишини эътироф этди.
–Шароф ака Бошбеков деганда миллатнинг қайғуси, фожеаси, оғриқлари, изтиробларини ниҳоятда катта маҳорат билан очиб берилган “Темир хотин” асари кўз ўнгимизга келади, – деди Минҳожиддин Мирзо. – Айнан Аломатнинг Қўчқор акага айтган таъкидларида бу сўзлар наинки Аломатхонга, балки миллатни уйғотишга қаратилганини англаш мумкин.

– Инсон кўнглида рўй берган ўзгаришлар Шароф Бошбеков асарларида юксак маҳорат билан очиб берилган, – деди адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев. – Унинг асарларини фақат ўқиш, уқиш керак. У ўз қаҳрамонларининг оғзи билан ўз даврида айтиб бўлмайдиган бир дунё муаммоларни айта олган ижодкор эди. Ижодкорнинг асл умри бу ҳаётдан кўз юмганидан кейин бошланади. Шароф Бошбеков ана шундай кучли ижодкор эди.
Дарҳақиқат, драматург Шароф Бошбековнинг ўткир муаммолар кўтарилган саҳна асарлари даврнинг изтироблари, аччиқ дардларини, муаммоларини рўй-рост акс эттиргани боис миллионлаб томошабинлар қалбини забт этган.
Устоз драматург Шароф Бошбеков 1951 йил Самарқандда дунёга келган. Дастлаб ҳикоя жанрида ўз истеъдодини синаб кўрган. Шароф Бошбеков «Г» варианти» (1981), «Ғурур» (1982) «Жумбоқ» (1986) каби ҳикояларни ёзди.

Шундан сўнг адибнинг ранг-баранг мавзудаги саҳна асарлари яратилди. Шароф Бошбеков «Тушов узган тулпорлар» (1983) ҳамда «Эшик қоққан ким?» (1987) каби комедия, «Темир хотин» (1989), «Қасосли дунё» қисқа метражли фильм сценарийсини ёзди. Шунингдек, «Эски шаҳар гаврошлари» (1998) каби жиддий комедияси, «Тақдир эшиги» драмаси майдонга келди.
Айниқса, «Темир хотин» пьесаси адибга катта шуҳрат келтирди. Унда фан-техника ривожи даврида инсон онги, дунёқараши, руҳиятида содир бўлаётган жиддий ўзгаришлар ҳажвий йўсинда катта маҳорат билан очиб берилган. Адибнинг шу асари асосида кинофильм ҳам яратилди (1990). Шунингдек, у «Шариф ва Маъруф», «Юзсиз» (1993), «Тилла бола» (1994) каби фильмларнинг сценарийларини ёзишда ҳам иштирок этди.
Шароф Бошбеков «Масхарабоз» (1996), «Фарҳод ва Ширин» фильмларининг сценарийсини ёзиш баробарида режиссёр сифатида ҳам ижод қилди. «Чархпалак» номли 60 лавҳали видеофильмни ҳам яратди. Шунингдек, «Тентак фаришталар» (1995), «Зўрдан зўр чиқса» (1996) каби саҳна асарларини ёзди. Унинг «Темир хотин» асари 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Мақсуд Шайхзода номидаги мукофотига лойиқ деб топилди. 1990 йилда эса Шароф Бошбековга Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. Мустақиллик йилларида Шароф Бошбеков «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган эди.
Адабий анжуманда Шароф Бошбеков миллат дарди билан яшаган, ўзига кўрган яхшиликларни ўзгаларга ҳам раво кўрувчи, жасоратли, ростгўй ижодкор бўлгани, устоз драматург билан боғлиқ ёрқин ҳаётий хотиралар ёдга олинди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири