Италиянинг Милан шаҳрида пара каноэда эшкак эшиш бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам муваффақиятли иштирок этди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, дунёнинг 34 мамлакатидан жами 185 нафар пара атлетлар баҳс олиб борган нуфузли мусобақада Тўрабек Назарқулов VL3 дастурида кумуш медалга эга чиққан бўлса, терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Азизбек Абдулҳабибов KL2 дастурида маррага 44.22 сонияда етиб келди ва бронза медали билан тақдирланди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси пара каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатини 1 тадан кумуш ва бронза медали билан якунлади.


Маълумот ўрнида: Миланда ташкил этилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Артур Гулиев C1 йўналишидаги 200 метр масофага кечган беллашувда маррага 38,63 сонияда етиб келди ва катталар ўртасидаги икки карра жаҳон чемпионига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА