Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Микроқарз беришнинг энг юқори миқдори 50 миллиондан 100 миллион сўмгача оширилмоқда
16:23 / 2024-01-17

Сўнгги вақтларда жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан муайян мақсадларда микроқарз ёки кредит олиб фойдаланиш жараёнлари кенгайиб бормоқда. Бу, албатта, фуқароларга кенг қулайлик ва имконият яратмоқда. Эндиликда бу борадаги имкониятлар янада кенгайтирилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

– Ушбу қонун лойиҳасида Фуқаролик кодексига жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан микроқарз ёки кредит бўйича амалга оширилган тўлов суммаси агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарз мажбуриятларини мутаносиб равишда сўндирилишини назарда тутувчи тартиб белгиланмоқда, – деди депутат Ж.Абдурасулов. – Шу билан бирга, кредит бўйича қарздорликни ва ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредит бўйича фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилишига оид ўзгартириш ва қўшимча киритиляпти.

“Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунга эса микромолиялаштириш фаолияти деб эътироф этиладиган микроқарз беришнинг энг юқори миқдорини 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Қизғин муҳокамалар, савол-жавоблар давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасидаги айрим нормалар юзасидан қатор саволлар кўтарилди. Қонун ташаббускорлари берилган саволлар, таклифлар бўйича асосли тушунтиришлар берди. Уларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қарз олувчилар учун қулай молиявий имкониятлар яратишга ҳамда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА