Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Микропроцессор модуллари – маҳаллийлаштириш, иқтисодий мустақиллик ва экспорт соҳасида муҳим қадам
10:01 / 2026-02-17

Президент ташрифидан сўнг…

Замонавий алоқа воситаларидан тортиб, жамоат транспортидаги рақамли тўлов тизимларигача – барчаси электротехника соҳасидаги юқори технологик ечимлар самарасидир. Ушбу қурилмаларнинг бошқарув маркази бўлган микропроцессорлар жараёнларни автоматлаштириш орқали кундалик ҳаётимизда қулайлик ва хавфсизликни таъминламоқда.

Бундай маҳсулотлар айнан мамлакатимизда ҳам ишлаб чиқарилаётгани эса стратегик аҳамият касб этади. Шу маънода импорт ҳажмини қисқартириш, ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш устувор вазифалардан бирига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни Тошкент вилояти Оҳангарон туманига ташрифи доирасида “Vades Group” компанияси томонидан амалга оширилаётган микропроцессор модуллари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан ҳам танишди.

Мазкур корхонада идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, сим-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа Германиянинг энг йирик ярим ўтказгичлар ишлаб чиқарувчиси “Infineon technologies” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 

“Vades Group” компанияси таъсисчиси Игор Ли мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган шароитлар корхона фаолиятига сезиларли туртки берганини алоҳида таъкидлади.

– Соҳага берилаётган эътибор, қабул қилинган муҳим қарорлар ва “Infineon technologies” каби йирик халқаро компаниялар билан ҳамкорлик бизга катта ишонч берди, – деди Игор Ли. – Энди маҳсулотимизни фақат Ўзбекистон бозори учун эмас, балки бутун дунё учун ишлаб чиқариш имкониятига эгамиз. Бир йил ичида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мозамбик ва Камбоджа каби қатор давлатлар бозорига киришга эришдик. Бу эса ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, корхонанинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, бундай лойиҳалар давлат сиёсати ва хусусий сектор ҳамкорлигининг амалий натижасидир. Яъни, қабул қилинаётган стратегик қарорлар реал ишлаб чиқариш қувватлари, янги бозорлар ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар кўринишида ўз ифодасини топмоқда. Бу эса электротехника саноатини иқтисодиётнинг драйвер тармоқларидан бирига айлантириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2025 йил давомида мамлакатимизга 35 миллион долларлик микропроцессор модуллари, сим-карталар ва турли тўлов карталари импорт қилинган.

Мазкур корхона тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бозордаги таннарх уч-беш фоизга пасайиши кутиляпти.

Лойиҳа нафақат юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, балки аҳолининг бандлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, замонавий корхоналар маҳаллий кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш имконини беради. Лойиҳа доирасида 4 гектар майдонни эгаллаган замонавий мажмуада 100 га яқин янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

– Илгари бундай маҳсулотлар мамлакатимизга асосан импорт қилинган бўлса, эндиликда уларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти яратилди, – деди “Vades Group” корхонасининг тижорат бўлими бошлиғи Музаффар Ҳошимов. – Бу валюта маблағларини тежаш, ички бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлаш, шунингдек, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, замонавий технологиялар асосида йўлга қўйилаётган ишлаб чиқариш жараёнлари маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, халқаро стандартларга мос маҳсулот тайёрлаш ва минтақавий бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари корхонага ташриф буюрганида бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнлари, истиқболдаги режалар ҳақида маълумотлар тақдим этдик. Ўз ўрнида фаолиятимизни янада жонлантириш бўйича зарур кўрсатмалар олдик.

Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА мухбири