Марказий банк 2023 йил якунлари бўйича Нобанк кредит ташкилотларининг молиявий ҳолати тўғрисидаги шарҳни эълон қилди.
Унда қайд этилишича, 2023 йил давомида микромолия ташкилотлари сони 84 тани ташкил этган. Уларнинг активлари 2,2 баробарга, 4,5 трлн. сўмгача ўсган. Кредит қўйилмалари эса 2,3 баробарга ўсиб, 4,1 трлн. сўмга етган. Содда қилиб айтганда ҳозирда микромолия ташкилотларининг жами актив ва кредит кўлами энг кичик 10 та банкникидан кўп.
Микромолия ташкилотларининг муаммоли кредитлари (NPL 90+) қолдиғи 88 млрд. сўмни ташкил этган. Солиштириш учун, тижорат банкларида NPL улуши расмий ҳисоботларда 3,5 фоиз этиб кўрсатилади.
Микромолия ташкилотларининг капитали йил давомида 1,5 баробарга кўпайган ва 2,2 трлн. сўмни ташкил этган. Улар жами 675 млрд. сўм соф фойда олган ва 39 фоизлик капитал рентабеллигини кўрсатган. Солиштириш учун, банкларнинг капитал рентабеллиги 14,2 фоизни ташкил этади.
Маълумот ўрнида, белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилса, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб 50 млрд. сўм билан микромолия банкларини ташкил этиш мумкин бўлади.
Микромолия ташкилотларининг микромолия банкларига айланишларига ҳуқуқий асос пайдо бўлади. Микромолия банки тижорат банкидан унинг хорижий банклар билан вакиллик муносабатлари бўлмаслиги ва ташқи савдо операциялари бўйича хизмат кўрсатмаслигидан, шунингдек, рухсат берилган операцияларнинг энг кўп миқдори чеклангани билан фарқланади.
Нобанк кредит ташкилотлари активлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 баробарга ортиб, 2024 йил 1 январь ҳолатига 8,3 трлн. сўм доирасида шаклланган. Активларнинг ўсиши асосан кредит қўйилмаларининг 1,9 баробарга ошиши билан изоҳланади. Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотининг жами активлари 1,7 баробарга (1,4 трлн. сўмга) ўсган ҳолда, 3,5 трлн. сўмни ташкил этган.
2023 йил давомида микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан кўрсатилган молиявий хизматлар ҳажми 8,7 трлн. сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига жами молиявий хизматлар қолдиғи (4,4 трлн. сўм) 2,2 баробарга, хусусан, микромолия ташкилотлари кредит қўйилмалари қолдиғи (4,1 трлн. сўм) 2,3 баробарга ва ломбардлар кредит қолдиғи (280 млрд. сўм) 30 фоизга ўсган.
Ўз навбатида, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти томонидан аҳолининг уй-жойларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш мақсадида тижорат банкларига ажратилган ресурслар қолдиғи 3,1 трлн. сўм доирасида шаклланган.
2024 йил 1 январь ҳолатига барча нобанк кредит ташкилотларининг жами кредит қўйилмалари қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 баробарга кўпайиб, 7,5 трлн. сўмни ёки барча кредит ташкилотлари умумий кредитлаш ҳажмидаги улуши 1,6 фоизни ташкил этган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА