Миллий матбуот марказида “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Микрокредитбанк томонидан давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз борди. Тадбирда “Микрокредитбанк” АТБ бошқаруви раиси ўринбосари Рустам Сулаймонов, тегишли йўналишлар бўйича банк масъул ходимлари ва журналистлар иштирок этди.
Бугунги кунда ушбу банкнинг 71 та филиали, 85 та банк хизматлари марказлари, 153 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш офислари, 150 та махсус кассалари фаолият юритмоқда. Улар 250 мингга яқин юридик шахсларга, 1 минг 250 дан ортиқ жисмоний шахсларга хизмат кўрсатмоқда.
Анжуманда жорий йилда банк активлари 8 фоизга, кредит портфели 7 фоизга, депозитлар қолдиғи 29 фоизга, шундан аҳоли омонатлари қолдиғи 21 фоизга ўсгани таъкидланди.

Банк томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва шароитларини яхшилаш мақсадида 15 та янги, замонавий ихчам банк хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, Венгрия давлатидан 300 дона янги банкоматлар келтирилиб, чекка ҳудудлардаги ҳафтасига ҳар куни, кечаю кундуз хизмат кўрсатиш офисларига жойлаштирилди. Кейинги босқичда қўшимча яна 300 дона банкомат олиб келиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Аҳамиятлиси, ушбу банкоматларни олиб келиш Венгриянинг Экзимбанки кредит линияларини жалб қилиш орқали амалга оширилди.
Шунингдек, банк томонидан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, банк томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 2 871 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, 37 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.

Таъкидлаш керакки, юқоридаги топшириққа мувофиқ банк структураси таркибида Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида таркибий бўлинма ташкил этилиб, тажрибали ходимлар жалб этилди.
Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш, соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу соҳада 298 та ҳолатда 14,5 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шундан 10,4 млрд. сўми “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган 211 нафар ҳунарманд тадбиркорларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Бугун банк томонидан паррандачилик йўналишида 2021-2022 йиллар давомида барча молиялаш манбалари ҳисобидан 220 та паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга 591,7 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Қуёнчилик йўналишида 289 та (шундан, 11 та юридик шахсларга ва 278 та жисмоний шахсларга) мижозларга 37,8 млрд. сўм миқдорда кредитлар ажратилиб, 79 та иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 278 та оила аъзоларининг бандлиги таъминланди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Республика бўйича барча тоифада парваришланаётган қуёнлар бош сони 2022 йил бошига 2 800 мингтани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 3 млн. бошга етказилди. Шунингдек, 2022 йилда қуёнчилик йўналишида умумий қиймати 234,6 млрд. сўмлик 42 та лойиҳага 153,1 млрд. сўм кредит ажратилиши белгиланган.
Аҳоли турмуш даражасини ошириш, ҳудудларда ипотека дастурларини амалга ошириш, кўп квартирали уй-жойлар массивларини барпо этиш бўйича ҳам банк томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг тегишли фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилда жами 727 та оилага 137,2 млрд. сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида ҳам банк томонидан олиб борилаётган ишларни давомли ташкил этган ҳолда бир қанча асосий вазифалар белгилаб олинган.
Хусусан, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси сўзсиз таъминланади.
Банк филиалларида тадбиркорлар билан ишлашда айнан "мижозга йўналтирилган”, ўз мижозлари билан “бизнес-ҳамкор” сифатида, ҳудудларда эса банк фаолияти “мижозбай”, “маҳаллабай” тамойили асосида ишлаш йўлга қўйилади.
Банкнинг юқори, ўрта ва қуйи бўғин ходимлари нуфузли консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда қайта ўқитилади, келгусида мунтазам равишда малакасини оширишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий қилинади.
Шунингдек, маҳаллалардаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилишда қатнашади.
Матбуот анжумани якунида банк масъул ходимлари журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб беришди.
Икром Аввалбоев, ЎзА