Бугунги кунда паррандачилик истиқболли ва чорвачиликдаги асосий йўналиш экани тан олинади. Бунинг сабаблардан бири паррандаларни сақлаш учун иншоотларнинг оддий бўлишидир.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатларида паррандачиликка катта эътибор қаратилмоқда. Чунки айнан паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишида асосий аҳамият касб этиб, қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишига катта ҳисса қўшади.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун зарур ҳуқуқий асослар яратилаётгани диққатга сазовор. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 15 июндаги “Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эътиборга молик. Унга кўра 2022 йил 1 июндан 400 миллиард сўмгача кредит маблағлари ҳисобидан паррандачилик хўжаликлари ва парранда омихта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга дон захираси яратиш учун 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ойгача револьвер кредитлар ажратилади. Шунингдек, қарорда паррандачиликни ривожлантириш бўйича мақсадли давлат дастурлари бўйича кредит маблағлари 10 йилгача муддатга 3 йилгача имтиёзли давр билан ажратилиши ҳам белгиланган.
“Микрокредитбанк” томонидан мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йил 29 июнда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 529,2 миллиард сўм (1-босқич: 50 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағ ажратилган эди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 203 та паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга 500,8 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди. Шундан, қарорга асосан бошқа тижорат банкларига паррандачилик лойиҳаларини молиялаштиргани учун жами 95,8 миллиард сўмлик ресурс маблағлари йўналтирилди.
[gallery-9311]
Амалга оширилаётган ишлар самарасида паррандачилик хўжаликларида қувватдан фойдаланиш 45 фоиздан 80 фоизга оширилиб, 410 миллион дона тухум, 15,4 минг тонна гўшт, 106,7 минг тонна озуқа ишлаб чиқариш имкони яратилди. Жумладан, Қашқадарё вилоятида 2022 йилда қиймати 13 миллиард сўмлик 15 та лойиҳа амалга оширилган. Ушбу паррандачилик корхоналарида 477 минг бош парранда боқилмоқда. Натижада йилига 41 миллион дона тухум ва 2,1 минг тонна парранда гўшти етиштириш қувватлари яратилди, қўшимча 187 та янги иш ўрин яратилди.
“Микрокредитбанк” АТБ ҳамда “Паррандасаноат” уюшмаси томонидан Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги “Чўл паррандаси” МЖЧда ташкил этилган пресс-турда шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари парранда гўштини кўпайтириш жараёни билан бевосита танишди.
– Корхонамиз жорий йилнинг апрел ойида ишга тушди, – дейди тадбиркор, МЧЖ раҳбари Баҳриддин Ниязов. – 2021 йилнинг декабрь ойида “Микрокредитбанк” АТБнинг Янги Нишон филиалидан 4 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан (14 фоизли) 3 миллиард сўм кредит олиб, фаолият бошладик. Шу кунгача 120 минг дона бройлер жўжаларини аҳоли истеъмоли учун етказиб бердик. Айни пайтда корхонамизда 40 минг дона бройлер жўжа парваришланмоқда. Корхонада 10 та янги иш ўрни яратилди. Ҳали режалар катта. Келгусида Микрокредитбанк билан ҳамкорлигимизни давом эттирган ҳолда фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Яъни бройлер етиштиришни 200 минг донага етказиб, жўжани очиришдан тортиб омихта емигача ўзимизда етиштириш, парранда гўштини шу ернинг ўзида қайта ишлашни, энг муҳими маҳсулотимизни тўлиқ экспортга йўналтиришни мўлжаллаганмиз.
Таъкидлаш жоизки, банк томонидан паррандачилик йўналишидаги лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.