Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Михаил Фаёзов ким бўлган, нега исми русча-ю фамилияси ўзбекча?»
21:24 / 2020-05-08

Уста ҳунармандлар шаҳри Чустда туман ҳокимлиги жойлашган марказий кўча кўп йиллар Михаил Фаёзов номи билан юритиб келинган.


Уста ҳунармандлар шаҳри Чустда туман ҳокимлиги жойлашган марказий кўча кўп йиллар Михаил Фаёзов номи билан юритиб келинган. Бу кўчадан юрган борки, «Михаил Фаёзов ким бўлган, нега исми русча-ю фамилияси ўзбекча?» деган савол туғилган бўлиши табиий.

Яқинда Михаил Фаёзовнинг фарзанди, Чуст тумани ҳокими, сўнг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Наманган вилоят кенгаши масъул ходими, Чуст шаҳар ҳокими вазифаларида ишлаган Азамат Фаёзов билан суҳбатлашиб, бу саволга жавоб топдим.

– Бобомиз Мирфаёз ҳожи чустлик бўлиб, илмли, фозил киши бўлган. У ўтган аср бошларидаги қулоқлаштириш даврида таъқибга учраб, Қозоғистон Республикасининг Жамбул вилоятига кўчириб юборилган. Шу боис отам 1925 йилда ўша ерда туғилган. Асли исми Мамашариф эди, – дейди Азамат ака.

Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтда Мамашариф Фаёзов 16 ёшли йигит эди. 1942 йили у ҳозирги Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга киради. Аммо ўқишни тамомламасдан фронтга жўнатилади. Натижада Мамашариф Фаёзов взвод командири сифатида жангга киради.

Албатта, взводни бошқариш ва урушда унга ҳарбий билим юртида олган сабоқлари жуда асқатади. Бироқ жанг беталафот бўлмайди деганларидек, Мамашариф 1943 йилда оғир яраланади. Даволаниб чиққач, у Украина 2-фронтининг 78-ўқчи дивизиясида рота командири сифатида урушни давом эттиради. Мазкур фронтда кўрсатган жасорати учун «Жанговар қизил байроқ» ва «Ватан уруши» орденлари билан тақдирланади.

1944 йил совуқ октябрь кунларида Мамашариф Фаёзов ҳаётида унутилмас воқеа юз беради. Днепр дарёси ёқасидаги жангда у украин миллатига мансуб қуролдоши Михаил Олейник билан окопда ётганда, тепадан ўқ ва снарядлар учиб турган пайтда Михаил шундай таклифни ўртага ташлайди:

– Агар жангда қай биримиз олдин ҳалок бўлсак, тирик қолганимиз ўлганнинг исмини оламиз. Токи бу ҳаётдан ном-нишонсиз кетмайлик.

Эндигина 19 ёшга кирган қадрдонидан бу гапни эшитиб, Мамашариф тўлқинланиб кетади. Ўз розилигини билдириб, М.Олейникни бағрига босади.

Орадан кўп ўтмай, Михаил Ясса атрофидаги жангларнинг бирида оғир яраланиб, туғишганидек бўлиб қолган ўзбек қадрдони қўлида жон беради. Мамашариф Фаёзов эса ваъдасига биноан ўз исмини «Михаил» деб ўзгартиришни сўраб, қўмондонликка мурожаат қилади.

Албатта, икки йигитнинг қадрдонлиги қўмондонликка ҳам яхши маълум эди. Шу тариқа Мамашарифга «Михаил Ғиясович Фаязов» деган ҳарбий билет ва партия гувоҳномаси берилади (урушдан кейин фуқаролик паспортини ҳам шу тарзда ўзгартиради).

Энг муҳими, у дўсти учун душмандан қасос олади. 1945 йил 22 январь куни тонгги соат 04:00 ларда собиқ иттифоқ аскарлари Одер дарёсини кечиб ўтиб, фашистларни ўққа тутади. Шунда Михаил (Мамашариф) битта немис полковниги, бир нечта офицер ва аскарларини асир олади. Гап шундаки, ўша полковникнинг қўлида галдаги ҳужум режалари ва бошқа қимматли ҳарбий маълумотлар бор эди. Ана шу хизмати эвазига Михаил Фаёзов Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони ва «Олтин юлдуз» медали билан тақдирланади.

Михаил Фаёзов Ғалабадан кейин ота юрти Чустга қайтиб келади. Сўнг туман мудофаа бўлимида хизмат фаолиятини давом эттиради. Ғова қишлоғидаги болалар уйига раҳбарлик қилиб, уруш даврида етим қолган болаларнинг бошини силади. Нафақага чиққунга қадар Чустдаги мактаб-интернат директори, шаҳар ижроқўми раиси вазифаларида меҳнат қилган. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлган.

– Отам ҳаётлик даврида СССР мудофаа вазирлиги орқали Михаил Олейникнинг яқинларини қидирди. Мен ҳам 1987 йили Киевга ўқишга борганимда Украина мудофаа вазирлигига шу масалада мурожаат қилдим. Аммо дараги чиқмади. Балки ёлғиз фарзанд бўлгандир, деб ўйлайман, – дея сўзини давом эттиради Азамат Фаёзов.

Бугун Чустда Фаёзовлар оиласини барча ҳурмат қилади. Азамат ака бир укаси ва олти нафар опа-сингиллари билан оталари каби юртга фидойилик билан хизмат қилмоқда.

Кези келганда бир мулоҳаза. Азамат Фаёзовнинг таъкидлашича, бундан 8-9 йил олдин худди генерал Собир Раҳимов ёки пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги саройи сингари собиқ иттифоқ давридаги номлар ўзгартирилган пайтда туман марказидаги Михаил Фаёзов кўчаси номи ҳам ўзгартирилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ватан озодлиги йўлида фидойилик кўрсатган шахслар номи қайта тикланди ва тикланмоқда. Шундай экан, Чуст туманида ҳам 75 йиллиги нишонланаётган буюк Ғалабага муносиб ҳисса қўшган Михаил Фаёзовнинг номи тикланса, нур устига аъло нур бўлар эди. Бу эса ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист