English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мигрантларимизнинг 26 та мурожаати Россия Омбудсмани билан биргаликда ўрганилган
18:47 / 2024-02-12

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)га 2023 йилда 18 минг 622 та мурожаат келиб тушган. 2022 йилда бу кўрсаткич 17 минг 761 тани ташкил этган эди. Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг энг кўпи Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига, энг кам мурожаатлар эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятига тўғри келган. Омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 170 та таъсир чоралари киритилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти муҳокамаси давомида айтиб ўтилди. Унда Омбудсман Феруза Эшматова ҳисобот йили бўйича ахборот берди. 

Муҳокамаларда депутатлар Россиядаги меҳнат мигрантларимизга нисбатан муносабат ўзгараётганини таъкидлаб, уларни ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман томонидан қандай ишлар олиб борилаётгани билан қизиқдилар. 

Феруза Эшматованинг айтишича, 2023 йилда Россия Омбудсмани билан учрашув ўтказилган. 26 та мурожаат биргаликда ўрганилган. Россияда жиноят содир этиб, жавобгарликка тортилган айрим фуқароларимизнинг ҳолати ўрганилган, оиласи билан боғланишига кўмаклашилган. Шунингдек, Ф.Эшматова Россия фуқаролигини олган юртдошларимиз томонидан пенсия таъминоти масалаларига оид мурожаатлар кўп бўлаётганини қайд этиб, бу борада Россия Омбудсманига мурожаатнома йўлланганини маълум қилди. 

Шунингдек, фракция йиғилишида “Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари ташкилотларининг солиқ муносабатларида аниқ ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 127-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. 

Солиқ қўмитаси вакилининг қайд этишича, бугунги кунда 34 мингдан ортиқ юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари, бирлашган ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг Солиқ кодексида аниқ ҳуқуқий мақоми белгиланмаган. Бу эса солиқ органларида уларнинг ҳисобга қўйилмаслиги ва солиқ тўловчининг идентификация рақами берилмаслигидан далолат. Ҳисоб-рақамга эга бўлмаган уюшмалар эса ўз олдига қўйган вазифаларини тўлиқ амалга ошира олмайди. Яъни, бирор ходимга моддий кўмак бериш ёхуд байрам совғаларини олиб беришда қийинчиликларга дуч келмоқда. 

Шу боис мазкур қонун лойиҳаси билан адлия органларида ҳисобга қўйилган юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари, бирлашган ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларига, уларнинг ихтиёрига кўра, солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш назарда тутилмоқда. Мазкур уюшмалар солиқ органларида ҳисобга қўйилганидан кейин ҳисоб-рақамга эга бўлади ва ходимларни қўллаш юзасидан шартномалар туза олади. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА