English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мигрантларимиз ҳуқуқи ва қонуний манфаати доимий ҳимояда
13:32 / 2026-01-20

Маълумки, жорий йил 15 январь куни давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида, жумладан, фуқароларимизни хорижда қонуний ва юқори даромадли иш билан таъминлаш, тартибли меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, ҳамюртларимизнинг ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш борасида аниқ таклиф, тавсиялар берилди.

Айни вазифалар ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси томонидан ушбу мамлакатда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимиз учун профилактик-маърифий тадбир ташкил этилди. Йиғинда Ўзбекистон Республикаси Мусулмонлар идораси вакиллари ҳам онлайн форматда иштирок этиб, хорижда бўлиб турган фуқароларимиз турли ёт ғоя ва зарарли оқимларга кириб қолмаслиги, миллий ва маънавий қадриятларга содиқ қолиши, шунингдек қонуний ва тинч меҳнат фаолиятини олиб бориш масалалари юзасидан маъруза қилди.

Иштирокчиларга Кореянинг миграция қонун-қоидалари, меҳнат ҳуқуқи ва мажбурияти, иш жойида қонунга хилоф ҳолатларга дуч келганда қандай йўл тутиш лозимлиги юзасидан тушунтириш берилди.

Кореяда меҳнат қилаётган юртдошларимиз бундай учрашув ва мулоқотлар жуда манфаатли экани, чет элда бўлсалар-да давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигини мудом ҳис этиб туришларини алоҳида таъкидладилар.

Бундан ташқари, тадбирда хорижда ишлаётган ва ишлашни режалаштираётган фуқаролар учун Ўзбекистонда мавжуд имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА