Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев мигрантлар билан ишлаш бўйича махсус виртуал офис лойиҳасининг тақдимоти билан танишди. Асосий мақсад виртуал офис фаолиятини йўлга қўйиш орқали мигрантларни Ватанга қайтариш ва иш билан таъминлашдир.
Лойиҳа орқали Бандлик дастури бўйича қилинаётган ишларни мигрантлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, иш билан таъминлашга кўмаклашиш чоралари кўрилади. Ҳоким лойиҳа тақдимоти билан танишар экан, уни янада бойитиш, бу борада ёлғон ва сохта ахборотлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик, ҳисоботлар, таҳлил учун материаллар тўпланаётганда инсон омилини максимал даражада камайтириш зарурлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, меҳнатни ташкил этиш жараёни устидан текширув ўтказишга ваколатли инспекция раҳбарининг ҳафтада бир марта халққа ҳисобот бериш тартибини йўлга қўйиш шарт экани таъкидланди. Мигрантлар билан ишлаш бўйича виртуал офис лойиҳаси, берилган қўшимча топшириқлар асосида, янада такомилга етказилганидан сўнг, тегишли мутасаддилар, туман ва шаҳарларнинг сектор раҳбарлари, соҳага бевосита алоқадор корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари учун семинар шаклида махсус тақдимот ташкил этилади.
Ҳозир чет элда Тошкент вилоятидан 140 минг нафарга яқин фуқаро, жумладан, 75 минг нафардан зиёд эркак, 63 минг нафар аёл ва 30 ёшгача бўлган 20 мингдан ортиқ ёш ишламоқда. Барча ҳудудларда бу жараёнларни мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди. Улар чет элдаги аҳоли билан алоқага чиқиб, уларнинг мавжуд муаммоларини ўрганмоқда. Жойларда фаолият юритаётган корхоналардаги бўш иш ўринларини Ватанга қайтмоқчи бўлган инсонларга тавсия қилмоқда.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири