Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мигрант ёшлар назоратга олинмоқда
15:42 / 2024-10-21

Нурафшон шаҳрида хорижий миграцияда ишлаётган ёшлар ва четдаги олийгоҳларда ўқиётган талабалар билан мулоқот қилиш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ўтказилди.

Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Тошкент вилояти минтақавий филиали ва Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда масъул ташкилот раҳбарлари иштирок этди.  

Асосий мақсад ҳудудда ёшлар бандлиги, миграция ва камбағалликни кескин қисқартириш, мавжуд муаммоларни тизимли ўрганишдан иборатдир. Дастлаб вилоят ҳокими охирги йилларда маҳаллалардаги ёшларга берилаётган имкониятлар, амалга оширилаётган хатловлар ва мавжуд лойиҳаларнинг натижалари ҳақида сўз юритди. Айниқса, хорижда ишлаб турган мигрантлар шароитидан хабар олиш, яхши ишлаётган ёки ўқиётган ватандошларни ҳам келгусида қўллаб-қувватланиши таъкидланди.  

Хусусан, қишлоқ хўжалигида миграциядан қайтганларга ҳам ер ажратиш ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш борасида таклифлар билдирилди. Бу борада ҳудудларда деҳқончилик учун ер олиб, яхши даромад олаётган фуқароларнинг тажрибаси ва топаётган даромади мисол қилинди.  

Шунингдек, Тошкент вилоятидаги йирик саноат корхоналарига ишга жойлаштириш борасида ҳам маълумот берилди ва ишга кираётганларни малакасини ошириш, уларни махсус ўқув курсларида ўқитиш режаси борлиги таъкидланди. Айниқса, пайвандловчи, дурадгор, юк ташувчи автотранспорт воситалари учун ҳайдовчи, электротехник ва механик каби касбларда ишловчиларга эҳтиёж кўп.  

Суҳбат давомида хорижда ноқонуний ишлар билан шуғулланаётган, жиноий ташкилотларга билиб-билмай қўшилиб қолаётганларнинг тақдирига бефарқ бўлмаслик лозимлиги ҳақида ҳам сўз юритилди.  

– Ҳозир ҳудудимиздаги йирик корхона-ташкилотларда 6 мингта бўш иш ўринлари мавжуд, – дейди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. – Улар томонидан энг камида 3 миллион сўм иш ҳақи таклиф қилмоқда. Афсуски, ҳудуд раҳбарлари ўзимиздаги мавжуд иш ўринларини аҳолига етарлича тарғиб қилолмаяпти. Ачинарлиси, хорижда яхши пул топаётганларнинг ҳаммаси ҳам оиласига етарлича маблағ юбораётгани йўқлигидан хабардормиз.  

Хорижда ишлаётган айрим фуқароларимизни қийнаётган яна бир муаммо бу чет тилини яхши билмаслиги. Шу туфайли улар яхши иш ва шароит топишга қийналади. Асли Бекобод шаҳридан бўлган ва ҳозирда Россия Федерацияси Москва шаҳрида ишлаётган Ойсара Ибодуллаева Тошкент вилояти масъулларига мурожаат йўллади. У ўғлини даволаш учун олиб борган. Бироқ етарлича маблағ тополмагани учун масъуллардан ёрдам сўради. Бу бўйича З.Мирзаев тегишли тартибда манзилли ўрганилишини айтди.  

Оҳангарон туманида яшовчи Диёрбек Исаков ҳозир Россия Федерациясининг Челябинск шаҳридаги саноат зонасида оғир юк ташувчи автотранспорт ҳайдайди. У онлайн мулоқот давомида масъуллардан ўз мутахассислиги бўйича ишга киришга ёрдам сўради. Унга тавсия асосида Олмалиқ кон металлургия комбинатига қарашли конлардан бирида ишлаш таклиф қилинди. Ангренлик Покиза Ғаниева ҳозир Германиянинг Бранденбург шаҳридаги шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайди.  

– Айни пайтда ойлик маошим 2 минг 200 евро, – дейди П.Ғаниева. – Мен ушбу давлатда ишлаётганимга анча бўлди. Дастлаб биз каби ходимлар немис тилини ўрганиб, сертификат олдик. Шу асосда қонуний тарзда Германияга кетганман. Бу ерда мен каби ходимларга яхши шароитлар қилинган. Бунинг учун вилоят масъулларига раҳмат айтаман. Эндиликда оиламни ҳам олиб келиш ҳаракатидаман.  

Мулоқот давомида қўшни Қозоғистон давлатида ҳам мавсумий ёлланма бўлиб ишлаётган, малака ошираётган фуқаролар, олийгоҳ талабаларининг таклиф ва муаммолари тингланди. Масъулларга бу борада тегишли тартибда ўрганиш ва ҳал қилиш юзасидан топшириқлар берилди.  

А.Мусаев, ЎзА.