Наманган вилоятида ҳам Ёшлар ишлари бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва “Yoshlar kelajagimiz” жамғармаси томонидан йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш, касбга йўналтириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Ёшлар бандлик дастури” асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Наманган вилояти ёшлар ишлари бошқармаси масъул ходими Хуршидбек Эгамбердиевнинг маълум қилишича, дастур ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган даврига қадар вилоятдаги 7 минг 793 нафар ёшнинг бандлиги таъминланган. Жумладан, ишсиз ёшларнинг 1 минг 174 нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, 3 минг 257 нафари корхона ва ташкилотлардаги мавжуд доимий иш ўринларига эга бўлди. Ёшларни кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида 2 минг 655 нафар ўғил-қизга 40 миллиард 429 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.

Бундан ташқари, вилоят бандлик ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси билан ҳамкорликда ўзини-ўзи бандлигини таъминлаш учун 332 нафар ёшга субсидия асосида асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари олиб берилди. 752 нафар ёшга эса хорижда ташкилий тарзда ишга жойлашишига яқиндан кўмаклашилди.
Бугунги глобаллашув шароитида тезкорлик билан ўзгариб бораётган даврда миграция жараёнлари табиий ҳолат. Аммо “Ҳар ерни орзу қилма...”, деганларидек, хорижий давлатларда ишлаётган ҳамюртларимизнинг омади ҳа, деганда келавермайди.

Шу жиҳатдан қараганда, Наманган вилояти ёшлар ишлари бошқармаси вилоят ҳокимлиги ҳамда Ҳукумат ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳудудий бошқармасининг амалий кўмагида миграциядан қайтган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга устувор аҳамият қаратиб келмоқда.
Ҳозирда, Наманган вилоятида истиқомат қилиб келаётган 3 миллион 1 мингдан ортиқ аҳолининг 61 фоизини ёшлар ташкил этади. 18-30 ёшли 544 минг 555 ўғил-қизларнинг 26 минг 959 нафари хорижда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Жойларда фаолият юритувчи масъуллар ҳамда ёшлар етакчилари томонидан онлайн формат орқали 6 минг 803 нафар ёш билан мулоқот қилиниб, бунинг натижасида муаммоларга дуч келган 158 нафар ёш мамлакатимизга қайтарилиб, амалий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, миграциядан қайтган 2 минг 85 нафар йигит-қизни ишга киришига кўмаклашилди.

Жорий йилнинг май ойида хориждан қайтиб келган, Янгиқўрғон тумани Янгибоғистон маҳалласидан Раҳмонжон Топиловнинг мурожаати эътиборсиз қолдирилмади, унга давлатимиз раҳбарининг ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қарорига кўра, “Алоқабанк” томонидан қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатиш учун мини трактор олишига 100 миллион имтиёзли кредит ажратилди.
Наманган тумани Тепа қиёт маҳалласида яшовчи Маҳмуджон Жўрабоев ҳам миграциядан қайтарилган ёшлардан. У юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани “Targo Savdo Do'stlik” масъулияти чекланган жамиятга ёрдамчи ишчи бўлиб ишга жойланганидан мамнун.
Хорижий мамлакатларда ишлаб, юртимизга қайтиб келган ёшларни доимий ва даромадли иш ўрнини топишлари борасида Наманган вилояти ҳокимининг ёшлар билан ўтказаётган учрашувлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.