Термиз шаҳридаги Матбуот уйида "Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, фуқаролар учун яратилган имконият ва шароитлар" мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган тадбирда Сурхондарё вилояти ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, майор Ҳусниддин Халлиев соҳада жорий йилнинг тўрт ойида амалга оширилган ишлар тўғрисида атрофлича сўз юритди.

Қайд этилдики, кейинги йилларда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизимида туб ўзгаришлар юз бермоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 22 сентябрдаги “Идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ вилоятда 407 минг 991 фуқарога идентификацияловчи ID-карта расмийлаштириб берилди. Ўтган йилдан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб идентификацияловчи ID-карта расмийлаштириш тартиби жорий қилиниб, Call марказ ташкил этилгани ҳам идентификацияловчи ID-карта олишга қулай имконият яратди.

Вилоятда 2016 йили 11 фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бўлса, сўнгги етти йилда 1350 дан ортиқ фуқаролиги бўлмаганга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди.
Фуқаролар учун чет элга вақтинча чиқиш рухсатнома ёзуви стикери расмийлаштириш тартиби бекор қилиниб, унинг ўрнига Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш йўлга қўйилгани ўтган беш йилда бу борадаги ишлар самарадорлигини оширди. 550 минг 454 фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берилди.Уч йилдан буён хорижга чиқиш биометрик паспортининг давлат хизматлари маркази орқали ҳам расмийлаштирилиши йўлга қўйилиб, вилоятнинг Термиз шаҳри ва саккиз туманида сифатли, тезкор хизмат кўрсатилаётир. Келгусида бу хизмат барча туман давлат хизматлари марказларида йўлга қўйилиши режалаштирилган.


– Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 июндаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини беришга доир давлат хизмати кўрсатиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишда қатор ўзгартириш ва қўшимчаларни юзага келтирди, – дейди Сурхондарё вилояти ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, майор Ҳусниддин Халлиев. – Жумладан, ариза- анкета тўлдириш тартиби бекор қилиниб, электрон ариза шакллантириладиган бўлди. 27 ёшга тўлмаган фуқаролардан ҳарбий хизматга мажбурлиги ҳақида маълумотнома талаб қилиш тартиби бекор қилинди. Вояга етмаган шахсларнинг ота-онаси бир вақтда ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш идорасига келганида улардан розилик ариза олиш тартиби бекор қилиниб, тилхат олиш амалиёти жорий этилди. 1-,2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган бўлса, давлат божини тўлаш имконияти 50 фоиз этиб белгиланди.
Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА