Жорий йилнинг 5-11 апрель кунлари Тошкент шаҳрида "Париж-2024" Олимпия ўйинларининг аёллар футболи бўйича Осиё минтақаси саралаш босқичи «А» гуруҳидан ўрин олган жамоалар ўртасидаги учрашувлар бўлиб ўтади.
Бугун 4 апрель куни пойтахтимиздаги «Пахтакор» ўйингоҳида ушбу учрашувлар олдидан жамоаларнинг бош мураббийлари ва футболчилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуман аввалида Осиё футбол конфедерацияси ва ташкилий қўмита вакиллари томонидан иштирокчиларга турнирга оид айрим масалалар юзасидан тушунтириш ва кўрсатмалар бериб ўтилди. Шундан сўнг мураббий ва футболчилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
– Биз бу ўйинларга қадар бир йил мобайнида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказдик. Ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Умуман олганда, бу босқичга етарлича тайёргарлик кўрдик, деб ўйлайман. Рақибларимизни ўрганиб бордик ва футболчиларга улар ҳақида маълумотлар бериб келдик. Хорижда тажрибали жамоаларга қарши ўйин ўтказдик. Доимий равишда ўйинимизни таҳлил қилиб бордик. Бу ўйинлар бизга мазкур босқичда ёрдам беради, деб ўйлайман. Рақибларимизни кучсиз ҳисобламаймиз. Жамоамиз аъзоларида рақибни менсимаслик, деган тушунча йўқ. Улар бу ўйинларда рақибларни ҳурмат қилган ҳолда майдонга тушадилар, – дейди саволларга жавоб бериш асносида Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси бош мураббийи Мидори Ҳонда.
Бош мураббий таркибдаги футболчи қизлар орасида йўқотишлар йўқлиги, жароҳат олганлар ҳам секин-асталик билан таркибга қайтаётгани хусусида айтиб ўтди.
Терма жамоамиз аъзоси Камила Зарипова саралаш босқичига қадар етарли тайёргарлик кўрилгани, хорижда ўтказилган ўқув-машғулот йиғинлари давомида кўплаб кучли жамоаларга қарши ўтказилган ўйинлар ҳақида сўзлаб берди.
– Жамоанинг ички муҳити ҳақида гапирсам, ҳаммаси яхши ҳолатда, – дея таъкидлади К.Зарипова. – Биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳаракат қилмоқдамиз. Барча ўйинларда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз.
[gallery-11266]
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси эртага Бутан жамоасига қарши учрашув билан саралаш босқичидаги иштирокини бошлайди. Мамлакатимиз аёллар терма жамоаси "Париж-2024" Олимпия ўйинларининг Осиё минтақаси илк саралаш босқичида шунингдек, Иордания ва Шарқий Тимор жамоалари билан куч синашади.
Н.Раҳмонова, ЎзА