English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МИБнинг “Мажбуриятлар реестри” қарзни тўлашдан бўйин товлашга йўл қўймайди
11:11 / 2025-08-18

Мажбурий ижро бюроси (МИБ) тизими ходимлари суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш учун қонунда белгиланган барча чора-тадбирларни кўрмоқда.

Вақтида тўланмаган қарздорлик мажбурий ижро ҳаракатлари орқали ундирилмоқда. Бунда, қарздорлик қарздорнинг ҳисоб-рақамлари, даромадлари ва мулкларига қаратилади. 

Ижро ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай тарзда бўйин товлаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ёки тўлов қобилияти йўқлиги сабабли ундирувни амалга ошириш имконияти бўлмаганда, у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда “Мажбуриятлар реестри”га киритилади.

Бу эса қарздор субъектларга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар 10 йил давомида сақланиб қолинишини таъминлайди.

Реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда, мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилади.

Бу давлатимиз раҳбарининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида жорий этилган институт бўлиб, реестр Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилади. 

Мисол учун, Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг қарорига асосан "S.B." масъулияти чекланган жамиятидан давлат фойдасига жами 64 миллион 181 минг 896 сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБнинг Олмазор туман бўлими иш юритувига келиб тушган. 

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор жамиятнинг банкдаги барча ҳисоб-рақамларига тегишли тартибда банд солинган. Шунингдек, бюронинг туман бўлими  давлат ижрочиси томонидан тегишли ташкилотларга қарздор жамиятнинг мулки ва автотранспорт воситаларини аниқлаш юзасидан сўровномалар юборилган. 

Олинган жавобларга кўра, қарздорнинг ҳисоб-рақамида ҳеч қандай пул маблағлари йўқлиги ва ундирувга қаратилиши мумкин бўлган ҳеч қандай мол-мулки расмийлаштирилмагани аниқланган.

Шундан сўнг мазкур ижро ҳужжати МИБнинг “Мажбуриятлар реестри”га киритилган ва бу ҳақида қарздор жамият раҳбари номига SMS-хабарнома юборилган.

Бироқ, жамият раҳбари ушбу хабарни, унга нисбатан юритилган ижро иши ёпилгани ҳақидаги маълумот, деб қабул қилган. Бу эса, унга қимматга тушди. Сабаби, бир ой вақт ўтмасдан жамият раҳбари ўзининг ҳисоб-рақами орқали катта миқдордаги пул маблағларини айлантира бошлаган.

Натижада мазкур пул маблағлари автоматик тарзда ечиб олиниб, давлат фойдаси (солиқ қарзлари)га йўналтирилган. 

Аслида, қарзлар тўланиши керак бўлган мажбурият. Ундан бўйин товлашга ҳаракат қилиш, ғирромлик қилиш ёки яна қандайдир хом хаёлга берилиш – ўзини шунчаки алдаш. Яхшиси, қарзни тўлаб хотиржам бўлган афзал.

Айтиб ўтиш керакки, қарздор ҳақида маълумот реестрга киритилгандан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақлаб қолинади. Қарздор ижро ҳужжати бўйича мажбуриятини бажарганда, у вафот этганда, ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қарздорнинг 10 йил давомида мол-мулки ёки пул маблағлари ҳақида маълумот аниқланмаганда ёки қарздор банкрот деб топилганда, ундирувчининг аризасига кўра, у ҳақидаги маълумотлар реестрдан чиқарилади.

Н.Абдураимова,

ЎзА