МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 16 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчати экди.
МИБ вилоят бошқармаси ходимлари кузги кўчат экиш мавсумида Қизириқ давлат ўрмон хўжалигининг бўш турган 7 гектар ер майдонини тартибга келтириб, мўъжазгина боғ яратди. Қизириқ туманидаги Боғистон маҳалласида жойлашган етти гектар майдонга 5 минг туп анор, минг туп олма, минг туп жийда, шунингдек, турли манзарали дарахт кўчатларини қадади.


–Кўчат экиб, боғ яратиш ҳам аждодлардан қолган улуғ қадриятимиз,–дейди МИБ вилоят бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов,– Кейинги йилларда ана шу қадриятимиз кенг қулоч ёзиб, умуммиллий лойиҳага айлангани қувонарлидир. Бўш турган майдонни кўчат экишга мослаштириб, анор ва жийда экдик. Бу дарахт кўчатлари шўрхок ерларда ҳам яхши ривожланади. Боғдаги кўчатларимиз яқин йилларда мева бера бошлайди. Шу билан бирга манзарали дарахт кўчатлари ҳудуд кўркига кўрк қўшиб, теварак-атрофни тоза ҳаво билан таъминлашга хизмат қилади.

МИБ туман ва Термиз шаҳар бўлимлари ходимлари жойлардаги бўш турган ерларга 9 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатини экди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири